October 26, 2020

ҲУҚУҚБУЗАРГА НИСБАТАН ҚОНУНИЙ ЧОРА КЎРИЛГАН

YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро И. Турғуновнинг видеомурожаати юзасидан маълумот

Пахтаобод туман туман маъмурий судининг 2020 йил 9 сентябрдаги қарорига асосан, Б. Мамажонов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, бир йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Жабрланувчи О. Турғуновага ўзига етказилган моддий ва маънавий зарар юзасидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда фуқаролик судига даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Ушбу иш жабрланувчи О. Турғунованинг кассация шикоятига асосан Андижон вилоят маъмурий суди кассация инстанциясида кўрилиб, Андижон вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 9 октябрдаги қарорига асосан Пахтаобод туман маъмурий судининг 2020 йил 9 сентябрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ҳуқуқбузар Б. Мамажоновга нисбатан чиқарилган Пахтаобод туман маъмурий судининг 2020 йил 9 сентябрдаги қарорининг фабула қисмида “йўл-транспорт ҳодисаси натижасида О. Турғунова енгил тан жароҳати олган” ёзувлар ўрнига “йўл-транспорт ҳодисаси натижасида О. Турғунова ва унинг фарзанди М. Турғунов енгил тан жароҳати олган” деб ўқилиши ҳақида аниқлик киритилган.

Шунингдек, И. Турғуновни Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айблаш ҳақидаги жиноят иши 2020 йил 2 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг иш юритувига келиб тушган.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг судьяси У. Шералиевнинг 2020 йил 8 сентябрдаги қарорига асосан 2020 йил 17 сентябрь куни суд мажлисида кўриш учун тайинланиб, шу куни жабрланувчи деб топилган Б. Мамажонов келмагани сабабли ишни кўришда 2020 йил 29 сентябрга қадар танаффус эълон қилинган.

2020 йил 29 сентябрь куни ишни кўриш давом эттирилиб, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг шу кунги ҳукмига асосан судланувчи И. Турғунов Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати