May 22, 2020

Д. ХАЙТМУХАМЕДОВ ВА О. ИСМАТИЛЛАЕВГА ОИД МАЪМУРИЙ ИШИ ЮЗАСИДАН ОЛИЙ СУД МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ РАСМИЙ БАЁНОТИ

Вояга етмаганлар Д. Хайтмухамедов (2002 йил 1 июлда Тошкент шаҳрида туғилган) ва О. Исматиллаев (2003 йил 26 апрелда Тошкент вилоятида туғилган) 2020 йил 25 март куни соат тахминан 15.00 ларда мамлакатимизда ўрнатилган карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ҳимоя ниқобисиз Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Улуғбек” шаҳарчаси ҳудудида жойлашган 219-мактабгача таълим муассасаси олдида, жамоат жойида бўла туриб, вояга етмаган ақли заиф А. Шевчукни турли уятли сўзлар билан сўкиб, уриб, туртиб, унга нисбатан қўпол муносабатда бўлганликлари аниқланган.

Мирзо Улуғбек туман маъмурий суди томонидан Д. Хайтмухамедов ва О. Исматиллаев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси 1-қисми ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмига асосан, яъни Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) га асосан, яъни майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 Ушбу кодекснинг 29-моддаси (маъмурий қамоққа олиш) 2-қисмига асосан маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

 Мирзо Улуғбек туман маъмурий судининг 2020 йил 23 апрелдаги қарори билан уларнинг ҳар бирига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) га асосан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, яъни 1 115 000 сўм жарима жазоси тайинланган.

 Қарордан норози томонлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 324-3-моддаси (суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан кассация тартибида шикоят қилиш (протест келтириш) муддати) талаблари асосида суд қарорининг кўчирма нусхаси топширилган ёки олинган кундан эътиборан икки ой ичида кассация тартибида шикоят бериши ёки протест келтиришлари мумкинлиги тушунтирилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати