Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган фуқаро Н. Саибованинг видеомурожаати юзасидан
Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъвогар Нилуфар Саибова даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб, ишга тиклашни, мажбурий ишламаган (прогул) кунлари учун иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.
Аниқланишича, Н. Саибова “Ўзтрансгаз” АЖ Навоий вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалининг 2017 йил 14 сентябрдаги 4-к-сонли буйруғи асосида филиалнинг ходимларни бошқариш хизмати бошлиғи лавозимига ишга қабул қилинган. Унга иш берувчи томонидан 2020 йил 14 августда иш ўрни қисқарганлиги тўғрисида огоҳлантириш хати берилиб, 2020 йил 27 декабрда у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Суднинг 2021 йил 25 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, “Ўзтрансгаз” АЖдан мажбурий бекор юрган кунлари учун 24 372 656 сўм иш ҳақи ва 8 500 000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган, ташкилот бутунлай тугатилганлиги сабабли даъвогарни ишга тиклаш ҳақидаги талаби қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддаси талабига кўра, 2021 йил 26 февралда “Ўзтрансгаз” АЖдан Н. Саибова фойдасига 24 372 656 сўм иш ҳақи ундириш тўғрисидаги ижро варақа ижро қилиш учун Мажбурий ижро бюросининг Яккасарой туман бўлимига юборилган бўлиб, жорий йилнинг 2 март куни бўлим томонидан мазкур ижро иши қўзғатилган, суд қарорининг “Ўзтрансгаз” АЖдан Н. Саибова фойдасига 8 500 000 сўм маънавий зарар ундиришга оид қисми Фуқаролик процессуал кодексининг 264-446 моддалари талабига кўра суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлимига ижро қилиш учун юборилади.
Ҳозирги кунда суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан тарафлар томонидан шикоят келтирилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
ҳамкорлик бошқармаси