June 3, 2020

ТАДБИРКОРНИ СУД ҲИМОЯ ҚИЛДИ

Суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни амалда кутилган самараларни бермоқда. Иқтисодий судларнинг иш фаолияти ҳам иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга оширишда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилмоқда.

Жумладан, Навоий вилояти иқтисодий судлари томонидан 2019 йилда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилган 905 та низолар кўрилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Тадбиркорлар томонидан тақдим этилган 382 та даъво аризалар қаноатлантирилиб, уларнинг фойдасига 54 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан асоссиз киритилган даъво аризаларнинг 523 таси қаноатлантириш рад этилиб, уларнинг ҳуқуқлари бузилиши олди олинди.

Мисол учун, “Навоий шебен хом-ашё” хусусий корхонаси чет эл компанияси билан тузилган контракт шартига асосан экспорт қилинган маҳсулотлар учун 34.440,84 АҚШ доллари миқдоридаги валюта тушумининг тушишини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 245-сонли қарорининг 4-бандида белгиланган муддатлардан 180 кунгача кечиктирилганлиги сабабли назорат қилувчи орган томонидан жавобгарга нисбатан судга ариза билан мурожаат қилиниб, кечиктирилган жами 34.440,84 АҚШ доллари миқдоридаги валюта маблағининг 10 фоизи яъни 3.444,08 АҚШ долларининг 2019 йил 1 ноябрь санадаги Марказий банк томонидан ўрнатилган курс (9.463,37) бўйича 32.592.600 сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш сўралган.

Биринчи инстанция судида ишни кўриш жараёнида жавобгар томонидан жами 34.440,84 АҚШ доллари миқдорида валюта тушуми маҳсулот амалда экспорт қилинган кундан бошлаб 180 кунга кечиктирилганлиги ишдаги ҳужжатлар ва далиллар билан ўз тасдиғини топганлиги боис аризачининг 32.592.600 сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги аризаси асосли бўлиб ҳисобланган.

Бироқ, ишни кўриш жараёнида жавобгар томонидан экспорт контракти бўйича 34.440,84 АҚШ доллари миқдорида валюта тушуми тушиши таъминланиб, экспорт контракти бўйича қарздорлик бартараф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2019 йил 24 октябрдаги ПФ-5856-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 20 апрелдаги ПФ-837-сон Фармони билан тасдиқланган “Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисида”ги низомнинг 10-банди қуйидаги мазмундаги олтинчи-саккизинчи хатбошилар билан тўлдирилган, унга кўра агар жаримани қўллаш масаласини кўриб чиқиш пайтига келиб, валюта маблағларининг келиб тушиши ёки республикага товарларни олиб кириш ҳамда “эркин муомалага чиқариш” режимида расмийлаштириш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш таъминланган бўлса, жарима қўлланилмаслиги лозимлиги қайд этилган.

Молиявий жаримани қўллаш масаласини кўриб чиқиш пайтига келиб, валюта маблағларининг келиб тушиши таъминланганлиги сабабли юқорида қайд этилган Фармон асосида иқтисодий суд томонидан молиявий жарима қўлланилмасдан, ариза талабини қаноатлантиришни рад қилиниб, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устуворлиги таъминланди.

Натижада ишда жавобгар сифатида иштирок этган тадбиркор 32.592.600 сўм миқдоридаги маблағни молиявий жарима сифатида тўлашдан озод бўлиб, ушбу суммани ўз фаолиятини янада такомиллаштириш, ходимларини моддий рағбатлантириш, қўшимча ишчи ўринлари яратиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш ёки шунга ўхшаш бошқа ўз фаолияти учун зарур мақсадларда сарфлаш имкониятига эга бўлиб, тадбиркорнинг давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардан ва суддан рози бўлишига замин яратди.

Бу эса, амалга оширилаётган ислоҳотлар сабабли тадбиркорлик фаолияти субъектларига қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш чораларини кўриш имконини бермоқда.

Шерзод Ғофуров

Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси