Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган Н. Ҳамрохоновнинг фуқаролик ишига оид билдириш юзасидан
Зангиота тумани ҳокимининг 2019 йил 10 июндаги “Зангиота тумани Эшонгузар қўрғони Бош режасига асосан “Замонавий кўп қаватли тураржойлар, савдо комплекслари ва бошқа бино-иншоотларни қуриш учун “EXPECTED HOMES” МЧЖга ер майдони танлаш ва бошқа иншоотларни ажратиш тўғрисида”ги қарорига асосан Нуриддин Ҳамрохоновга тегишли Зангиота тумани, “Эшонгузар” МФЙ, Марказий шоҳкўчаси, 1-А уй жамият эҳтиёжлари учун олиниши муносабати билан бузилиши лозимлиги белгиланган.
Зангиота тумани ҳокимининг 2019 йил 5 июлдаги қарори билан Н. Ҳамрохоновга Зангиота тумани, Қатортол қишлоғи, Наврўз массиви ҳудудидан “NIGORA BAХT AGRO” фермер хўжалиги ижарага олган ер майдонидан якка тартибда уй-жой қурилиши учун икки бўлакдан иборат 0,04 га ҳамда 0,05 га ер участкаси ажратиб берилган. “EXPECTED HOMES”ҚК МЧЖ буюртмасига асосан “EXPERT BAHO” МЧЖ баҳоловчи ташкилоти томонидан Зангиота тумани, “Эшонгузар” МФЙ, Марказий шоҳкўчаси, 1-А уй ер участкаси билан биргаликда 1 115 397 848 сўмга баҳоланган.
Н. Ҳамрохоновнинг буюртмасига асосан “XOLIS BAHOLASH XIZMATI” МЧЖ томонидан низоли тураржой ва ер майдони 1 304 760 000 сўмга баҳоланган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Х. Сулаймонова номидаги РСЭМ томонидан 2020 йил 16 октябрдаги хулосасига биноан Н. Ҳамрохоновга тегишли бинонинг бозор баҳоси 742 071 077 сўм ва ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқининг таққослаш усулида аниқланган экспертиза ўтказиш вақтидаги бозор баҳоси 509 659 402 сўмни ташкил этган.
Шу билан биргаликда Зангиота тумани ҳокимияти томонидан Н. Ҳамрохоновга ажратилган “Қатортол” қишлоғи, “Наврўз” массиви ҳудуди ер бўлагида жойлашган ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқининг таққослаш усулида аниқланган экспертиза ўтказиш вақтидаги бозор баҳоси 520 807 221 сўмни ташкил этган.
Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 2021 йил 2 мартдаги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорига кўра даъвогар Зангиота тумани ҳокимиятининг жавобгар Нуриддин Ҳамрохоновга нисбатан компенсация тўлаш шарти билан бузиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилган.
Зангиота тумани, “Эшонгузар” МФЙ, Марказий шоҳкўчасидаги 0,0869 га ер майдонида жойлашган, қурилиш ости майдони 426,90 кв. м., яшаш майдони 172, 54 кв. м. дан иборат 1-“А” уй жавобгар Н. Ҳамрохонов “EXPECTED HOMES” ҚК МЧЖ ҳисобидан ажратилаётган 742 071 077 сўм миқдорида компенсация тўлаш шарти билан бузиш белгиланган.
Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлган Н. Ҳамрохонов судга ариза билан мурожаат қилиб, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни қайтадан кўриб чиқишни сўраган. Ҳозирда ушбу ариза суд томонидан мазмунан кўриб чиқилаётганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси