February 13, 2020

МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси А.Ибодов ва туман маъмурий судининг раиси Б.Қутлиевлар Навбаҳор туманидаги 20-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар билан учрашди.

Тадбирда суд раислари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятига тўхталиб, унда белгиланган устувор вазифалар ва ёшларга қаратилган эътибор ҳақида сўзлашди.

Таъкидландики, мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилгани, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтариш, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона кўрсаткичлар ишлаб чиқиш, ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индексини жорий этиш, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепциясини ишлаб чиқиши, унда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказишнинг амалий чора-тадбирлари белгиланиши лозимлиги ҳақидаги таклифлар илгари сурилганлиги тушунтирилиб, мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини ёшлар эътиборига етказилди.

Шунингдек, суд раислари Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил
3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот беришиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, унга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш эканлигини таъкидлашди.

Учрашувда суд раислари ёшлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришди.

 Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди