Наманганда суд мажлиси махсус кийим – Мантияда олиб борилиб, судланган шахсларга енгиллик берилди
Мустақилликка эрилишилганидан сўнг Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётганлиги каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар жадаллик билан амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 84-моддасида судьяларнинг суд мажлисини махсус кийимда олиб бориши белгиланган. Одил судлов тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг обрўсини ошириш мақсадида судьяларнинг махсус кийими (мантия) тавсифи ва намунаси тўғрисидаги қарор Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 12 октябрдаги 23-ялпи мажлисида тасдиқланган эди.
Суд-ҳуқуқ тизимида бу каби ўзгаришлар, албатта биринчи навбатда халқ манфаатлари йўлида хизмат қилмоқда. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судида бўлиб ўтган суд мажлисида судьялар махсус кийим – мантияда биринчи бор суд мажлисини олиб борди. “Ҳар бир янгилик – эзгулик учун” нақлига амал қилган ҳолда, қонунчилигимизда белгиланган инсонпарварлик принципи, халқимизнинг азалий кечиримлилик ва меҳр-мурувват кўрсатиш фазилатлари ҳамда либераллашув жараёни амалда қўлланилди. Жумладан, Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этиб, 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган Ж.Б.га нисбатан жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриш жараёнида, жабрланувчига етказилган зарарлар тўла қоплангани, жабрланувчининг давоси йўқлиги инобатга олиниб, Ж.Б.га тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирилиб, суд залида қамоқдан дарҳол озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.
Шунингдек, Жиноят Кодексининг 44-моддаси тартибида А.С.га тайинланиб тўланмаган 78.144.000 сўм жарима жазоси озодликдан махрум қилиш жазосига алмаштирилган бўлиб, ишни кассация инстанциясида кўриш жараёнида тайинланган жарима суммаси тўла тўлангани сабабли, А.С. хам суд залида қамоқдан дарҳол озод этилди.
Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 1-қисми ва бошқа моддасида назарда тутилган жиноятни содир этиб, 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ҳамда ўрта-махсус касб-ҳунар таълими тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 12.265.000 сўм жарима жазоси жазосига судланган А.Т.га оид жиноят иши апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, унинг аёл киши эканлиги, уч нафар фарзанди борлиги, муқаддам судланмагани ва бошқа жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланган ҳолда енгиллик берилди.