July 14, 2021

Human.uz ахборот порталида 2021 йил 6 июль куни эълон қилинган “Олий суд қарорларидан фуқаролар нега норози?” сарлавҳали материал юзасидан

Аризачи “Grand Asia Bizness” МЧЖ маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимининг 2007 йил 6 ноябрдаги 958-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Чилонзор туман маъмурий судининг 2019 йил 19 августдаги ҳал қилув қарори билан аризани қаноатлантириш рад этилган.

Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 2 декабрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 1 июлдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, аризани қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари томонидан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протестда Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ва “Grand Asia Bizness” МЧЖ ўртасида имзоланган ер ижара шартномаси 2006 йил 9 октябрда тузилган бўлиб, унинг амал қилиш муддати 2011 йил 9 октябрда тугаганлиги, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2007 йил 6 ноябрдаги 958-сонли қарори ҳозирда “Grand Asia Bizness” МЧЖнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилмаслиги баён қилинган ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 1 июлдаги қарорини бекор қилиш, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари қарорларини ўз кучида қолдириш сўралган.

Аниқланган ҳолатларга кўра, низоли ер майдони ҳудудида жойлашган клуб биноси мулкдор ҳисобланган Я. Коробко томонидан “Grand Asia Bizness” МЧЖнинг устав фондига киритилиши ва 2006 йил 9 октябрда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳамда “Grand Asia Bizness” МЧЖ ўртасида имзоланган 4271/2006-сонли ер ижара шартномаси орқали 3 915,0 кв. метр ер майдони беш йил муддатга “Grand Asia Bizness” МЧЖга ижарага берилиши муносабати билан МЧЖнинг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Ғ. Абдуллаев (З. Шокиров) кўчаси, 2-уйда жойлашган клуб биноси ва ер майдонига нисбатан ҳуқуқлари вужудга келган.

Бироқ, биринчи ва апелляция инстанцияси судлари 2006 йил 9 октябрдаги 4271/2006-сонли ер ижара шартномаси муддати 2011 йил 9 октябрда тугаганлиги важи билан ҳоким қарори билан қурилиш ишларини олиб бориш мақсадида “Ғ. Абдуллаев” маҳалла фуқаролар йиғинига ажратилган низоли ер майдонига нисбатан “Grand Asia Bizness” МЧЖнинг ҳуқуқлари мавжуд эмаслиги тўғрисида асоссиз хулосага келган ва аризачи томонидан ушбу ер майдонига нисбатан мулк ҳуқуқларини тасдиқловчи бошқа далиллар тақдим қилинмаганини инобатга олган.

Биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан қабул қилинган қарорларда баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва процессуал нормалар бузилганлиги, хусусан, иш бўйича 2006 йил 9 октябрдаги 4271/2006-сонли ер ижара шартномаси муддати 2011 йил 9 октябрда тугаганлиги тўғрисидаги хулосага келган ҳолда ҳоким қарори қабул қилинаётган вақтда мазкур ер ижараси шартномасининг ҳақиқийлигини тан олганлиги, бу билан ҳоким қарори билан ер ижараси шартномаси бўйича аризачи “Grand Asia Bizness” МЧЖнинг ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида хулосага келган.

Фуқаролик кодексининг 384-моддасига кўра, шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса. Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифига иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.

“Ижара тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига кўра, ижара шартномаси шартларининг ўзгартирилишига, уни бекор қилинишига ва тўхтатилишига томонларнинг келишуви билан йўл қўйилади. Томонларнинг бири шартнома шартларини бузган тақдирда иккинчисининг талабига кўра ижара шартномаси тегишли суднинг қарори билан бекор қилиниши мумкин.

Ҳоким қарори қабул қилинган вақтда “Ғ. Абдуллаев” маҳалла фуқаролар йиғинига қурилиш мақсадида ажратилган 0,33 кв. метр низоли ер майдонига нисбатан “Grand Asia Bizness” МЧЖнинг ҳуқуқлари ер ижара шартномасига асосан амалда бўлган ва шартнома қонунда белгиланган тартибда бекор қилинмаган.

Бундан ташқари, Ер кодекси 22-моддасининг биринчи қисмига кўра, корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки уларни оператив бошқариш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ана шу объектлар билан биргаликда мазкур объектлар жойлашган ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади.

Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Ғ. Абдуллаев (З. Шокиров) кўчаси, 2-уйда жойлашган “клуб биноси” ва 0,50 гектар ер майдони халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ижроия қўмитасининг 1982 йил 15 октябрдаги 1225/21 сонли қарори билан Карл Маркс колхозининг балансидан Киров (Юнусобод) туман кенгашининг балансига берилган.

Кейинчалик мазкур бино мулкдорлари ўзгарган ва у ер майдони билан бирга “Grand Asia Bizness” МЧЖ балансига олинган ҳамда қўшимча равишда 2006 йил 9 октябрдаги 4271/2006-сонли ер ижара шартномаси тузилган.

Ҳоким қарори қабул қилинишида Ер кодексининг 22-моддаси талабларига ҳам риоя этилмасдан, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши муносабати билан “Grand Asia Bizness” МЧЖнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари инобатга олинмасдан, низоли ер майдонининг 0,33 кв. метр қисми “Ғ. Абдуллаев” маҳалла фуқаролар йиғинига спорт-соғломлаштириш ва маҳалла марказини қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилган.

Мазкур ишни кўришда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 15-сонли “Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги, 2019 йил 24 декабрдаги 24-сонли “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорларининг талабларига риоя этилган.

Юқоридагиларга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 31 майдаги қарорига кўра мазкур судлов ҳайъатининг 2020 йил 1 июлдаги қарори ўзгаришсиз, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисидаги кассация протести эса қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси