С. МИРЗАЕВНИНГ ШИКОЯТИ СУДНИНГ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА КЎРИЛМОҚДА
ASL_JAMIYAT Telegram-каналида эълон қилинган билдириш юзасидан маълумот
Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг 2019 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар М. Турдиевнинг жавобгар С. Мирзаевга нисбатан мажбурият юклаш даъво ариза қаноатлантирилиб, жавобгар С. Мирзаев зиммасига Тўрақўрғон туман ҳокимининг 2015 йил 20 октябрдаги 598-сонли қарорига асосан даъвогар М. Турдиевга тегишли бўлган “Қуёшли юрт водийси” МЧ ММТП ҳудудидаги хўжалик ички ер тузиш харитасининг 153-контурида жойлашган 0,14 гектар мевали боғ ер майдонидан даъвогар М. Турдиевнинг фойдаланишига қаршилик кўрсатмаслик мажбуриятини юклатиш белгиланган.
Мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар С. Мирзаев томонидан кассация шикояти берилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди кассация инстанциясининг 2020 йил 26 мартдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси судларида СОVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги
РС-13-20-сонли қарорига асосан иш юритишни тўхтатиб туриш белгиланган.
Кассация инстанциясининг 2020 йил 26 майдаги ажрими билан иш юритиш тикланган.
Кассация инстанциясининг 2020 йил 28 майдаги ажрими билан ушбу фуқаролик иши юзасидан суд-ершунослик экспертизаси тайинланганн ва уни ўтказиш Х. Сулаймонова номидаги РСЭМ Наманган вилоят бўлими экспертлари зиммасига юклатилган.
Суднинг 2020 йил 8 июндаги хати билан фуқаролик иши экспертиза ўтказишлик учун Х. Сулаймонова номидаги РСЭМ Наманган вилоят бўлимига юборилган.
Х. Сулаймонова номидаги РСЭМ Наманган вилоят бўлими томонидан 2020 йил 16 июнда илтимоснома берилиб, унда Тўрақўрғон туман ҳокимининг 2015 йил 20 октябрдаги 598-сонли қарорига асосан М. Турдиевнинг номига ажратилган 1,12 гектар мевали боғ ҳамда туман заҳирасида бўлган 0,14 гектар мевали боғ эгаллаб турган ер майдонларини чегарасини натурада (жойининг ўзида) белгилаш далолатномаларини чизмаси билан бирга, ер участкаларини ажратиш бўйича бош режаларини, кадастр ҳужжатларини тақдим этиш сўралган.
Даъвогар М. Турдиев ушбу ҳужжатларни экспертга топшириш учун судга олиб келиши юзасидан бир неча маротаба огоҳлантирилган, бироқ ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги сабабли экспертнинг 2020 йил 16 июлдаги хати билан ажрим ижросиз фуқаролик иши билан биргаликда қайтарилган.
Шундан сўнг, иш юритиш тикланиб, суд мажлиси 2020 йил 25 августга тайинланган. Шу кунги суд мажлисида тарафлар иштирок этиб, даъвогар М. Турдиев экспертнинг илтимосномасида сўралган ҳужжатлар мавжудлигини, соғлиғи яхши бўлмаганлиги сабабли ўз вақтида тақдим эта олмаганлигини кўрсатган.
Даъвогар М. Турдиевда мавжуд бўлган ҳужжатлар экспертга тақдим этилганида экспертиза ўтказиш ёки ўтказмаслик учун жойига чиқиб кўздан кечириш лозимлиги билдирилган.
Жорий йилнинг 13 октябрь куни соат 10:00 да низоли ер майдонини эксперт, мутахассислар ҳамда тарафлар иштирокида кўздан кечириб, ўлчов ишларини амалга ошириш белгиланиб, улар бу ҳақда огоҳлантирилганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати