December 7, 2020

“Конституция билимдони” ҳуқуқий танлови

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг ташаббуси билан Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган ўрта таълим мактабида ўқувчи ёшлар иштирокида “Конституция билимдони” ҳуқуқий танлови ўтказилди.

Мазкур танловнинг асосий мақсади ўқувчи ёшлар ўртасида Бош қомусимизга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини янада мустаҳкамлаш, ёшларимизга асосий қонунимизнинг мазмунини батафсил тушунтириш ҳамда моҳиятини чуқур англашга кўмаклашишдан иборат бўлди.

Ҳуқуқий танлов тадбири мактаб маъмурияти томонидан ташкилий жиҳатдан байромона руҳда ташкил этилиб, ўқувчи ёшларнинг фаол иштироки, билимлиги ва зукколиги билан эсда қоларли ва қизиқарли бўлди.

Шунингдек, танлов якунида иқтисодий суд раиси Шерзод Ғофуров Конституциямизнинг миллий қонунчилигимиз ва давлатимиз тараққиётидаги аҳамияти хусусида тўхталиб, Бош қомусимиз қабул қилинган кун нафақат ҳуқуқшунослар учун, балки бутун халқимиз учун ҳуқуқий байрами куни эканлигини таъкидлаб ўтди.

Танлов якунида “Конституция билимдони” ҳуқуқий танловининг ғолиблари аниқланиб, танлов ғолиблари ва унда фаол иштрок этган ўқувчи ёшларга иқтисодий суднинг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Тадбир якунида ўқувчи ёшлар томонидан миннатдорчилик билдириб ўтилди.

Ахрор Жумадиллоев,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди архивариуси