О. Алламбергеновнинг мурожаати юзасидан
Аризачи «Temir jol Darbenti sauda kompleksi» МЧЖ раҳбари О. Алламбергенов Нукус туманлараро маъмурий судига шикоят ариза билан мурожаат қилиб, Нукус шаҳар ҳокимлигининг ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортган ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб, жавобгарга «Temir jol Darbenti sauda kompleksi» МЧЖнинг устав фондини ташкил қилиш учун устав жамғармасининг 95 фоизи, яъни 760 000 000 сўмини киритиш ва “Qaniygelestirilgen Qurilis materiallari” МЧЖ эгалигида бўлган Нукус шаҳри 23-кичик туман темир йўл вокзали ёнидаги «Temir jol Darbenti sauda kompleksi» МЧЖ ҳудудида жойлашган умумий ер майдони 2,892 кв. м., умумий баҳоси 520 000 000 сўмни ташкил қилувчи “Савдо комплекси ва маъмурий иморат”ни «Temir jol Darbenti sauda kompleksi» МЧЖнинг эгалигига бериш мажбуриятини юклашни сўраган.
Ушбу ариза юзасидан қўзғатилган маъмурий иш суднинг 2021 йили 30 апрелдаги ажрими билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекснинг 108-моддаси 1-бандига, маъмурий иш маъмурий судга тегишли бўлмаганлиги сабабли тугатилган.
Мазкур ажрим юзасидан аризачи «Temir jol Darbenti sauda kompleksi» МЧЖ раҳбари О. Алламбергенов томонидан апелляция тартибида шикоят келтирилган бўлиб, мазкур шикоят Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди апелляция инстанциясида кўрилиши 2021 йил 27 май кунига белгиланган.
Аризачи О. Алламбергенов 2021 йил 19-21 май кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида ўтказилган оммавий сайёр қабуллар жараёнида Олий суд раисининг ўринбосари Х. Турахужаев томонидан шахсан қабул қилиниб, қабул жараёнида ўз масаласини ижобий ҳал этишда ёрдам сўраган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекснинг 10-моддасида судларнинг мустақиллиги ва уларни фақат қонунга бўйсуниши кўрсатилган бўлиб, унга кўра одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.
Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган.
Қайд этилган қонун нормасига асосан аризачи О. Алламбергановга мазкур ишни ижобий ҳал этилишини назоратга олиш имконияти йўқлиги, бу масала белгиланган тартибда ҳал этилиши кўрсатилиб (мурожаатчи ўзи кўрсатиб ўтмоқда), аппеляция инстанциясининг қароридан норози бўлган тақдирда суд қарорига нисбатан кассация тартибида шикоят билан мурожаат этиш лозимлиги, Олий суд кассация инстанцияси эса ўз ваколати доирасида суд қарорларининг қай даражада қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириб чиқиши тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси