December 29, 2020

ФУҚАРО Р. САФАРОВНИНГ ВИДЕОМУРОЖААТИ ЮЗАСИДАН

Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2003 йил 4 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвогар З. Исмаилованинг жавобгар М. Атажановага нисбатан уй рўйхатидан чиқариш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилиб, даъвогар З. Исмаиловага жавобгар М. Атажановани рўйхатдан чиқариш учун Урганч шаҳар ИИБга мурожаат қилиш тушунтирилган.

Жавобгар М. Атажанова ва унинг ишончли вакили Р. Сафаров 2019 йил 3 апрелда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2003 йил 4 июндаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни сўраб мурожаат қилган.

Ариза кўриб чиқилиб, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2019 йил 6 майдаги ажрими билан қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Ушбу ажрим фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 16 июлдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган.

Иш ҳолатларига ойдинлик киритиш мақсадида фуқаролик иши сўралганида, Хоразм вилоят давлат архиви 2019 йил 11 июлдаги 304-сонли жавоб хати билан “Уй рўйхатидан чиқариш ҳақида”ги фуқаролик ишлари илмий тарихий ахамиятига эга бўлмаганлиги ва ўз кучини йўқотганлиги сабабли соқит қилишга ажратилганлиги, шу сабабли даъвогар З. Исмаилованинг жавобгар М. Атажановага нисбатан “Уй рўйхатидан чиқариш ҳақида”ги даъво аризаси бўйича юритилган 1185-сонли фуқаролик ишини тақдим этиш имкони йўқлиги маълум қилинган.

Шу билан бирга ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги ариза юзасидан тўпланган ҳужжатлардан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг назорат тартибида келтирилган шикоят бўйича адвокат А. Кондратевга йўллаган жавоб хатида, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2002 йил 5 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвогар М. Атажанованинг жавобгар С. Сафаровга нисбатан ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъвоси рад этилганлиги, ҳал қилув қарори фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилганлиги, даъвогар М. Атажанованинг низоли уй Огаҳий кўчаси 57-уйда яшамаганлиги, низоли уйда ўғли Р. Сафаров ва келини З. Исмаилова яшаганлиги, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун қонуний асослар мавжуд эмаслиги билдирилиб, назорат тартибида келтирилган шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилиши маълум қилинган.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2003 йил 14 октябрдаги ажрими билан даъвогарлар Р. Сафаров ва М. Сафаровнинг жавобгарлар З. Исмаилова ва Урганч шаҳар ДНИга нисбатан нотариал ҳаракатни бекор қилиш ва мол-мулкни бўлиш ҳақидаги, З. Исмаилованинг Р. Сафаровга нисбатан мол-мулкни бўлиш ва нотариал ҳаракатни бекор қилиш ҳақидаги, М. Сафаровнинг жавобгарлар З. Исмаилова ва Р. Сафаровга нисбатан мулк ундириш ҳақидаги даъволари юзасидан юритилган фуқаролик иши бўйича тарафлар ўртасида тузилган 2003 йил 11 октябрдаги келишув битими тасдиқланиб, фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган.

Суднинг ажрими билан тасдиқланган келишув битимида З. Исмаилова рўйхатга олинган мулклар ўзига қолиши, фарзандига ҳадя қилинган мулклар ўз ҳолича қолиши эвазига “Жигули” ва “Нексия” автомашиналари, С. Раҳимов кўчаси 15 уй, 3 проезддаги уй-жойни даъвогар Р. Сафаровга қолишига розилик берган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати