June 4, 2020

АЙЗАТ АЗИЗХОДЖАЕВАНИНГ ИШИГА ОИД

2020 йил 2 июнда YouTube тармоғидаги Otabek Djuraevning каналида эълон қилинган видеомурожаат юзасидан маълумот

Олмазор туман маъмурий судининг 2020 йил 11 март кунидаги ҳал қилув қарорига кўра, аризачи Г. Дадамирзаеванинг Олмазор туман ҳокимининг 2019 йил 20 декабрь кунидаги “Олмазор туман ҳокимининг 2019 йил 11 сентябрдаги 2995-қ-сонли қарорига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги 3580-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикояти қаноатлантирилган.

Олмазор туман ҳокимлигидан аризачи Г. Дадамирзаеванинг фойдасига 223 000 сўм давлат божи ва 18 400 сўм почта харажатини ундириш белгиланган.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги “2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида”ги 251-сонли ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 8 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги 251-сонли қарори ижроси тўғрисида”ги 735-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Олмазор туман ҳокимининг 2016 йил 18 августдаги 635-сонли қарори 1-иловаси билан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар-жой объектларини хатловдан ўтказиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажаришни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш комиссияси тузилган.

Олмазор туман ҳокимининг 2018 йил 30 июль кунидаги “Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 8 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги 251-сонли қарори ижроси тўғрисида”ги 735-сонли қарори ижроси тўғрисида”ги 1193-сонли қарори билан мазкур комиссиянинг 2018 йил 30 май кунидаги 105-сонли баёни тасдиқланган бўлиб, унинг 2.95-банди билан Олмазор тумани, Фаробий, Муҳокама тор кўчаси, 6-уй фойдаланувчиси А. Азизходжаева ҳақиқий фойдаланишдаги сатхи 0,0326 га тенг бўлган ер майдонида умумий майдони 82,08 м2, яшаш майдони 67,90 м2 га тенг 5 та яшаш хонаси, 2 та дахлиз, очиқ айвон, ҳожатхона, йўлак, хужра, соябон ва эшикдан иборат қурилмаларга нисбатан мулк ҳуқуқи ва ер участкасига нисбатан умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган.

Олмазор туман ҳокимининг 2019 йил 17 январдаги 63-қ-сонли қарори билан Олмазор туман ҳокими томонидан 2018 йил 30 июлда қабул қилинган 1193-сонли қарорнинг 2.95-банди бекор қилинган.

А. Азизходжаеванинг Олмазор туман ҳокимининг 2019 йил 17 январдаги 63-қ-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси Миробод туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, шикоят қаноатлантирилган ва ушбу қарор ҳақиқий эмас деб топилган.

Натижада Олмазор туман прокурорининг 2019 йил 8 январдаги Олмазор туман ҳокимининг 2018 йил 30 июлдаги 1193-сонли қарорини 2.95-бандини бекор қилиш тўғрисидаги 10-19-сонли протестини кўриб чиқиш масаласи лозим бўлиб қолган.

Мазкур протестда, юқорида қайд этилган манзилда хатлов ишларини олиб боришда Вазирлар Маҳкамасининг 251-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 9-10-бандлари талаблари бузилганлиги кўрсатиб ўтилган.

Ушбу протест ижросини таъминлаш мақсадида Олмазор туман ҳокимининг 2019 йил 11 сентябрдаги 2995-сонли қарори қабул қилинган. Унга кўра, Олмазор туман ҳокимининг 2018 йил 30 июлдаги 1193-сонли қарорининг 2.95-банди бекор қилинган. Лекин, ушбу манзилдаги уй-жойга нисбатан мулк эгалигини белгилаш масаласи ҳал этилмай очиқ қолдирилган.

Шундан сўнг фуқаро А. Азизходжаева 2019 йил декабрь ойида Олмазор туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиб, унда Олмазор тумани Фаробий, Муҳокама тор кўчаси, 6-уйга нисбатан уни ҳақиқий қурувчиси бўлган марҳум турмуш ўртоғи Н. Азизходжаевнинг номига мулк эгалигини белгилаб беришни сўраган.

Шунга кўра, Олмазор туман ҳокимининг 2019 йил 20 декабрдаги 3580-сонли қарори билан Олмазор туман ҳокимининг 2019 йил 11 сентябрдаги 2995-қ-сонли қарорига ўзгартириш киритилиб, юқорида қайд этилган уй-жойга нисбатан марҳум Н. Азизходжаевнинг номига мулк ҳуқуқи эътироф этилган.

Мазкур хонадонда доимий рўйхатда туриб, ҳозирда икки нафар қизи билан бирга яшаб келаётган фуқаро Г. Дадамирзаеванинг Олмазор туман ҳокимининг 2019 йил 20 декабрдаги 3580-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризасига асосан қўзғатилган маъмурий иш мазмунан кўриб чиқилиб, Олмазор туман маъмурий судининг 2020 йил 11 март кунидаги ҳал қилув қарорига асосан Г. Дадамирзаеванинг шикояти қаноатлантирилган.

Тарафларга ҳал қилув қароридан норози бўлсалар, йигирма кун муддат ичида Тошкент шаҳар маъмурий судига шу суд орқали апелляция тартибида шикоят қилишга, прокурор эса протест келтиришга ҳақли эканликлари, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида кассация тартибида шикоят келтиришлари мумкинлиги тушунтирилган.

Бироқ, шу кунга қадар ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан шикоят ёки протест келтирилмаганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати