February 18, 2021

KUN.UZ САЙТИДА 2021 ЙИЛ 15 ФЕВРАЛЬ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “ЯНА “СНОС”, ЯНА ОЛМАЗОР. ҲОКИМЛИК ВА ТАДБИРКОР БАҲСИДА КИМ ЮТИБ ЧИҚАДИ?” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛА ЮЗАСИДАН

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининнг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили “Niyat Servis” хусусий корхонаси манфаатида Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Муниципал активларни бошқариш марказига нисбатан 401 539 593 сўм миқдорида компенсация тўлови ундиришни сўраган.

Даъво аризаси юзасидан 4-1001-2015/10149-сонли иқтисодий иш қўзғатилган.

Суднинг 2020 йил 20 августдаги ажрими билан Тошкент шаҳар Молия бош бошқармаси ишга қўшимча жавобгар сифатида жалб қилинган.

Суднинг 2020 йил 27 августдаги ҳал қилув қарори билан мазкур даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган. Иш апелляция ёки кассация инстанция судларида кўрилмаган.

Орадан бир муддат ўтгач, Олмазор туман ҳокимияти Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Niyat Servis” хусусий корхонасига нисбатан Олмазор тумани, Чимбой кўчаси, 2-уй ёнида жойлашган, 136 кв. метрдан иборат автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасини бузиш ва ер майдонини бўшатишни сўраган.

Даъво аризаси юзасидан 4-1001-2022/10327-сонли иқтисодий иш қўзғатилган.

Суднинг 2020 йил 22 июлдаги ажрими билан ишга Тошкент шаҳар “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” ДК, Тошкент шаҳар қурилиш Бош бошқармаси низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида жалб этилган.

Суднинг 2020 йил 3 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган. “Niyat Servis” хусусий корхонаси зиммасига рухсат берувчи ҳужжатларсиз, ноқонуний қурилган қурилмаларни бузиш ва ер майдонини бўшатиш мажбурияти юклатилган.

Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 21 январдаги қарори билан “Niyat servis” МЧЖнинг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 3 сентябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Шундан сўнг “Niyat Servis“ хусусий корхонаси Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Олмазор тумани хокимлиги зиммасига “Niyat Servis“ ХКга тегишли бўлган ва 2007 йилда бузилган 2 та махсус бокс, 1 та омборхона ва 1 та маъмурий хонадан иборат қурилмалари бўлган умумий ер майдони 644,7 кв. метрга тенг бино-иншоотлар ўрнига Олмазор тумани Чимбой кўчаси 2-уй ёнида даъвогарнинг ўз ҳисобидан 119 550 000 сўм харажат қилиб қурилган 186 кв. метрдан иборат иморатга ва унга ёндош бўлган 0.29 га ер майдонига даъвогар томонидан тайёрланган лойиҳа асосида янги иморат қуриб, 70 нафар фуқароларни иш билан таъминлаш мажбурияти билан мулк ҳуқуқини бериш ҳақида қарор чиқариш мажбуриятини юклашни сўраган. Шунингдек, даъво аризадан жавобгар томонидан бузилган даъвогарга тегишли бўлган 2 та махсус бокс, 1 та омборхона ва 1 та маъмурий хонадан иборат қурилмалари бўлган умумий ер майдони 644,7 кв. метрга тенг бино-иншоотга тенг улушда мулк ажратиб бериш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво талаби ҳам ўрин олган.

Даъво аризаси юзасидан 4-1001-2022/17636-сонли иқтисодий иш қўзғатилган, даъвони таъминлаш чораси сифатида иш мазмунан кўрилгунга қадар 4-1001-2022/10327-сонли иш бўйича қабул қилинган суд қарорининг ижроси тўхтатилган.

Суднинг 2020 йил 4 ноябрдаги ажрими билан низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги жалб қилинган.

Суднинг 2020 йил 15 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган. Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, “Niyat servis” ХК Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясига апелляция шикояти билан мурожаат қилган.

Апелляция инстанциясининг 2021 йил 15 февралдаги қарори билан “Niyat servis” хусусий корхонасининг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўз навбатида 2021 йил 2 февраль куни “Niyat servis” хусусий корхонаси Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Олмазор туман ҳокимлигига нисбатан Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Чимбой кўчаси, 2-уй ёнида жойлашган, 186 кв. метрдан иборат, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга иморатнинг ташқи кўринишини шаҳарсозлик нормаларига жавоб берадиган ҳолатга келтириб таъмирлаш мажбуриятини юклаш ва мулк ҳуқуқини белгилаб беришни сўраган.

Даъво аризаси юзасидан 4-1001-2101/2388-сонли иқтисодий иш қўзғатилган бўлиб, суднинг 2021 йил 8 февралдаги ажрими билан ишни мазмунан кўриш 2021 йил 25 февраль куни соат 11.10 га тайинланганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан ҳамкорлик бошқармаси