January 26, 2021

ЖИЗЗАХДА ХОТИН-ҚИЗЛАР МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

Президентимиз томонидан барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида бугун давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари оддий одамлар билан доимий мулоқот ўрнатиб, уларни қийнаётган масала ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, бу орқали одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш йўналишида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, халқимиз, шу жумладан хотин-қизлар турмуш даражаси ва сифатини ошириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам жамиятимизда аёллар мавқеини ошириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, “Аёллар дафтари”ни шакллантириш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жиззах вилоят маъмурий судларининг 7 нафар судьялари томонидан 2021 йил 23 январь куни ҳудудларга чиқиб, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан шахсан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш юзасидан сайёр қабуллар ташкил қилинди.

Судьялар томонидан вилоятнинг “Жиззахлик”, “Заргарлик” маҳаллаларида 14 нафар, “Олмазор”, “Наврўз” маҳаллаларида 23 нафар, Боғдон шаҳарчасида 10 нафар ёрдамга муҳтож хотин-қизларга ҳуқуқий тушунтириш берилди. Мурожаатларнинг 2 таси ижобий ҳал қилинди.

Эндиликда вилоят маъмурий судлар судьялари ҳафтанинг ҳар шанба куни “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам кўрсатиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Асқар Мамараҳимов, Жиззах вилояти маъмурий суди раиси