September 7, 2020

Э. ХОЛИҚОВНИНГ ИШИГА ОИД

2020 йил 7 августда YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Эргаш Холиқовнинг видеомурожаати юзасидан маълумот

Фуқаро Э. Холиқов 1999 йилда дарахтларни Т. Мирзаев ва бошқалар кесишганлигини важ қилиб судга даъво ариза билан мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2001 йил 10 майдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Э. Холиқовнинг жавобгарлар Т. Мирзаев ва М. Тоғаевларга нисбатан моддий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси рад этилган. Суднинг мазкур ҳал қилув қарори фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2002 йил 14 мартдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2020 йил 25 майдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогар Э. Холиқовнинг жавобгарлар Т. Мирзаев, Р. Муродов ва бошқаларга нисбатан моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво талаблари рад этилган. Вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 14 июлдаги ажрими билан Каттақўрғон туманлараро судининг 2020 йил 25 майдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Даъвогар Э. Холиқов томонидан қонунда белгиланган уч йиллик даъво муддати узрли сабабларсиз ўтказиб юборилганлиги сабабли, суд томонидан (жавобгарларнинг аризасига асосан) даъво муддати қўлланилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддаси 1-қисмида ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Даъвогар Э. Холиқов жавобгар Т. Мирзаев ва М. Тоғаевларнинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли унга моддий етказилганлигини исботловчи далилларни судга тақдим эта олмаганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати