October 13, 2020

НАЗОРАТ ШИКОЯТИНИ СУДЛОВ ҲАЙЪАТИДА КЎРИБ ЧИҚИШ УЧУН ЎТКАЗИШ РАД ЭТИЛГАН

YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро М. Авезованинг видеомурожаати юзасидан маълумот

Бухоро вилоят хўжалик судининг 2005 йил 27 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар - Вобкент туманидаги “М-Харид” савдо базасининг даъвоси қаноатлантирилиб, Галаосиё шаҳрида жойлашган “20 трест” ҳиссадорлик жамияти 17-сонли вакиллигига қарашли бўлган маиший бино жавобгар - “Шарофбобо Авезов” хусусий тайёрлов савдо ва ишлаб чиқариш корхонаси ноқонуний эгалигидан даъвогарга олиб берилган. Жавобгарнинг қарши даъвосини қаноатлантириш рад қилинган.

Жавобгар 2020 йил 21 февралдаги 16-сонли ариза билан судга мурожаат қилиб, Бухоро вилоят хўжалик судининг 2005 йил 27 декабрдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиб, бекор қилишни сўраган.

Бухоро вилоят иқтисодий судининг 2020 йил 26 февралдаги ажрими билан жавобгарнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризасини қaбул қилиш рад этилган.

Жавобгар суд ҳужжатидан норози бўлиб, унинг устидан апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш учун ҳолатлар 2020 йил 22 январда маълум бўлганлиги ва суд ариза бериш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимосномани асоссиз рад этганлиги сабабли Бухоро вилоят иқтисодий судининг 2020 йил 26 февралдаги ажримини бекор қилишни ва аризани иш юритишга қабул қилишни сўраган.

2018 йил 1 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 205-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларига кўра қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар томонидан шу ҳужжатни қабул қилган хўжалик судига суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўлиб хизмат қилувчи ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай берилиши мумкин. Ариза белгиланган муддат ўтгандан кейин берилса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома бўлмаса ёхуд ариза нусхалари ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаса, у судья томонидан аризачига қайтарилади.

ИПК 328-моддасининг биринчи қисмига кўра қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилади. Мазкур модданинг учинчи қисмига кўра ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.

ИПК 331-моддасининг биринчи қисмига кўра суд қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) ариза ушбу Кодекснинг 328 ва 329-моддаларида белгиланган қоидалар бузилган ҳолда берилган бўлса;

2) ариза белгиланган муддат тугаганидан сўнг берилган бўлса ва уни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;

3) ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш сабаблари узрсиз деб ҳисобланиб, шунга кўра ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашга асос мавжуд бўлмаса.

Мазкур модданинг тўртинчи қисмига кўра ушбу модда биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, ариза берган шахс ариза билан судга янгидан мурожаат қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2003 йил 25 июлдаги “Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда иқтисодий процессуал қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 111-сонли Қарори 8-бандига кўра ИПК 328-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ариза беришнинг бир ойлик муддати процессуал муддат бўлиб, агар ариза қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ушбу муддат тикланиши мумкин.

Аниқланишича, жавобгар дастлаб 2020 йил 8 февралдаги 19-сонли ариза билан судга мурожаат қилиб, Бухоро вилоят хўжалик судининг 2005 йил 27 декабрдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиб, бекор қилишни сўраган.

Бухоро вилоят иқтисодий судининг 2020 йил 14 февралдаги ажрими билан жавобгарнинг ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномаси рад қилинган ва суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризаси қaйтарилган. Мазкур ажрим билан ИПК 331-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига кўра ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш сабаблари узрсиз деб топилган.

Бундай ҳолатда жавобгар ИПК 331-моддасининг тўртинчи қисмига кўра суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан судга янгидан мурожаат қилишга ҳақли бўлмаган.

Қайд этилганларга асосан биринчи инстанция суди ИПК 291-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига мос ҳолда жавобгарнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризасини қабул қилишни рад этган.

Шу сабабли, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ажримини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирган.

“SHAROFBOBO AVEZOV” МЧЖ таъсисчилари М. Авезова ва А. Султоновнинг Бухоро вилоят хўжалик (ҳозирда иқтисодий) судида қўзғатилган 20-0509/7173-сонли иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси томонидан 2020 йил 20 июлда чиқарилган назорат шикоятини судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримни бекор қилиш ҳақида йўллаган 2020 йил 28 августдаги 22-сонли аризаси иш ҳужжатлари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўрганиб чиқилди.

Даъвогар - “М-Харид” савдо базаси, судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - “SHAROFBOBO AVEZOV” хусусий тайёрлов савдо ва ишлаб чиқариш корхонасидан (ҳозирда масъулияти чекланган жамияти) ноқонуний эгалланган мол-мулкни олиб беришни сўраган.

Ўз навбатида, жавобгар Бухоро вилоят Кўчмас мулк биржаси ва даъвогарга нисбатан қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Бухоро вилоят Кўчмас мулк биржасининг 2003 йил 20 январдаги 0000017-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2005 йил 27 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган. Қарши даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.

Суднинг 2020 йил 14 февралдаги ажрими билан жавобгарнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномаси рад этилиб, ариза қайтарилган.

Суднинг 2020 йил 26 февралдаги ажрими билан жавобгарнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризасини қабул қилиш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2020 йил 10 июндаги қарори билан суднинг 2020 йил 26 февралдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суднинг 2020 йил 20 июлдаги ажрими билан суднинг 2020 йил 26 февралдаги ажрими ва 2020 йил 10 июндаги қарори устидан берилган назорат шикоятини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказиш рад этилган.

Аризада суд томонидан ажрим қабул қилишда иш ҳолатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлган ҳолат 2020 йил 22 январда маълум бўлганлиги, бироқ, муддатни тиклаш учун асос мавжуд бўлса-да, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома асоссиз рад этилганлиги, апелляция инстанцияси суди эса қайд этилганларни инобатга олмаганлиги ҳақида важлар келтирилиб, суд ажримини бекор қилиб, назорат шикоятини кўриб чиқиш учун судлов ҳайъатига ўтказиш сўралган.

Аризада келтирилган важлар билан қуйидагиларга асосан келишиб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 331-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига кўра суд қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш сабаблари узрсиз деб ҳисобланиб, шунга кўра ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашга асос мавжуд бўлмаса қайтаради. Тўртинчи қисмига мувофиқ ушбу модда биринчи қисмининг
1 ва 2-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, ариза берган шахс ариза билан судга янгидан мурожаат қилишга ҳақли.

Демак, мазкур модданинг тўртинчи қисмида ушбу модда биринчи қисмининг фақат 1 ва 2-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, ариза берган шахс ариза билан судга янгидан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланган бўлиб, суднинг 2020 йил 14 февралдаги ажрими билан эса ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандига асосан жавобгарнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномасини ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш сабаблари узрсиз деб ҳисобланиб, рад этилган ва ариза қайтарилган.

Ушбу ҳолда, жавобгарнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги дастлабки аризаси суднинг 2020 йил 14 февралдаги ажрими билан ИПК 331-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномаси рад этилган ҳолда қайтарилганлиги сабабли суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан такроран мурожаат қилишга ҳақли бўлмаган.

Шу боис суднинг 2020 йил 14 февралдаги ажрими билан суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тикланиши рад этилганлиги ва ариза қайтарилганлиги инобатга олиниб, суднинг 2020 йил 26 февралдаги ажрими билан жавобгарнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризасини қабул қилиш ИПК 291-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига мос ҳолда рад этилган.

Аризада келтирилган важлар назорат шикоятида ҳам келтирилган бўлиб, судья назорат шикоятида келтирилган важларда суд ҳужжатларини назорат тартибида текшириш асослари мавжуд бўлмаганлиги, ИПК 322-моддасининг иккинчи қисмида суднинг мазмунан тўғри бўлган ҳал қилув қарори, қарори фақат юзаки асослар бўйичагина бекор қилиниши мумкин эмаслиги белгиланганлиги сабабли ушбу кодекс 312-моддаси учинчи қисмининг 3-бандига асосан назорат шикоятини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида асосли хулосага келган.

Қайд этилганларга кўра, М. Авезова ва А. Султовнинг аризаси қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати