February 5, 2021

KUN.UZ САЙТИДА 2021 ЙИЛ 30 ЯНВАРЬ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “КИТОБДА ЁЛҒИЗ ЎҒИЛ ПИЧОҚЛАНДИ ВА БИР КЎЗИДАН АЖРАЛДИ: ЗАРАР ҚОПЛАНМАДИ, ИШ ЭСА «БОСТИ-БОСТИ» ҚИЛИНДИ” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛА ЮЗАСИДАН БАЁНОТ

Китоб туман прокуратураси томонидан Жиноят кодекси 111-моддасининг 2-қисми билан Дадахон Ҳасановга нисбатан юритилган жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатиш масаласини ҳал қилиш учун 2020 йил 3 апрелда жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судига юборилган.

COVID-19 коронавирус пандемияси бўйича эълон қилинган карантин сабабли жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган. 2020 йил 7 май куни жиноят ишининг муҳокамаси давом эттирилган ва суд жараёнида жабрланувчи Ш. Усмонов ва унинг қонуний вакили Х. Хусинова гумон қилинувчи Д. Ҳасанов моддий ва маънавий зарарларни тўлиқ қоплагани, у билан ихтиёрий равишда ярашганликлари, ярашиш масаласида ҳеч ким тазйиқ ўтказмагани ҳақида ариза билан мурожаат қилиб, ишни ярашувга асосан тугатишни сўрашган. Шу сабабли жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг 2020 йил 7 майдаги ажрими билан Д. Ҳасановга нисбатан Жиноят кодекси 111-моддасининг 2-қисми билан юритилган жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилган.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди биносида 2020 йил 25 декабрь куни Х. Хусинованинг кассация шикояти кўриб чиқилган. Иш бўйича етказилган зарарлар тўлиқ қопланмаганлиги, гумон қилинувчи Д. Ҳасанов билан жабрланувчи Ш. Усмонов ва унинг вакили Х. Хусиновалар ўртасидаги ярашув тасдиқланганини инкор этганлигини инобатга олиб, кассация инстанцияси суди Д. Ҳасановга оид суд ажримини бекор қилиб, ишни янгитдан бошқа суд таркибида кўриш учун жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига юборишни, шикоятни қаноатлантиришни лозим топган. Ўз навбатида жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг 2020 йил 7 майдаги Дадахон Ҳасановга оид ажрими бекор қилинган.

Иш янгитдан бошқа суд таркибида кўриш учун жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига юборилган.

2021 йил 15 январь куни жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди биносида, очиқ суд мажлисида, шу суд судьяси Л. Расулованинг раислигида давлат айбловчиси Шаҳрисабз шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Х. Бахромов, гумон қилинувчи Д. Ҳасанов ва унинг ҳимоячиси-адвокат З. Бекмурадова, вояга етмаган жабрланувчининг қонуний вакили Х. Хусинова ва унинг вакили адвокат З. Ҳабибовнинг иштирокида Жиноят кодекси 111-моддасининг 2-қисми билан гумон қилинувчи Дадахон Ҳасановга оид жиноят иши умумий қоидалар бўйича дастлабки терговни амалга ошириш учун Китоб туман прокурорига юборилганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан ҳамкорлик бошқармаси