Фуқаро Ф. Маматқуловнинг Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеомурожаати юзасидан
Ф. Маматқулов ва Ч. Маматқулова 2012 йил 29 август куни Булунғур туман ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурган. Биргаликдаги турмушидан уларнинг икки нафар фарзанди бор. 2016 йил июнь ойида Ф. Маматқулов ишлаш мақсадида Туркия Республикасига жўнаб кетади. 2017 йил март ойида Ч. Маматқулова фарзандлари билан Туркияга, турмуш ўртоғининг ёнига боради. 2019 йил куз фаслида Ф. Маматқулов ишлаш мақсадида Туркиядан Россия Федерациясига йўл олади. Орадан бир муддат ўтгач, Ф. Маматқулов турмуш ўртоғидан Россияга келишини сўрайди, бироқ Ч. Маматқулова бу таклифни рад қилади ва Туркияда қолади. Шу воқеа сабаб улар ўртасида келишмовчиликлар юзага келади.
Ф. Маматқулов 2020 йил 13 март куни Россиядан Ўзбекистонга келади. 2020 йил 8 июнь куни даъвогар Ф. Маматқулов жавобгар Ч. Маматқулова билан никоҳдан ажратишни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суд томонидан тарафларга ярашиш учун 3 ой муҳлат тайинлаган. Жавобгар Ч. Маматқулова Туркияда бўлгани боис 2020 йил 18 сентябрда ўтказилган суд мажлисига келмаган. Суд мажлиси чоғида Ф. Маматқулов Ч. Маматқулованинг қаерда эканлигини, яшаш манзилини билмаслигини баён қилган. Булунғур тумани “Улуғбек” МФЙ масъуллари ҳам Ч. Маматқулова 2017 йил март ойида Туркияга ишлаш учун кетгани ва қайтиб келмаганлигини билдирган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Булунғур тумани бўлими масъуллари ҳам Ф. Маматқулов билан Ч. Маматқулованинг ярашиш имкони йўқлигини маълум қилишган. Ч. Маматқулова Туркияда бўлганлиги сабабли суд муҳокамасида иштирок этмаган.
Суд Фуқаролик процессуал кодексининг 164-моддасини қўллаган ҳолда 2020 йил 18 сентябрь куни даъвогар Ф. Маматқуловнинг даъво талабини қаноатлантириб, тарафлар ўртасидаги никоҳни бекор қилган. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, Ф. Маматқулов Булунғур туман ФҲДЁ бўлимида никоҳи бекор қилинганлигини расмийлаштиради. Бу ҳақда фуқаролик паспортига тегишли муҳр урилади. Шундан сўнг оилавий яшаш жойи бўлган, Ч. Маматқулова билан биргаликда сотиб олинган, бироқ собиқ мулкдор Ш. Холмурзаев номида бўлган Жомбой тумани “Зарафшон” МФЙ Ўртабўз қишлоғидаги уй-жойни нотариус орқали ўз номига олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштиради ва эгалик ҳуқуқини қўлга киритади.
2020 йил 14 октябрь куни Ч. Маматқулова Туркиядан қайтиб келиб, яшаш уйининг ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнида суд тартибида никоҳдан ажратилганлиги ва турмуш ўртоғи билан биргаликдаги никоҳи мобайнида сотиб олинган уй-жой Ф. Маматқулов номига расмийлаштирилганлигидан хабар топган.
Шу тариқа Ч. Маматқулова мазкур уй-жойни эр-хотиннинг умумий мулки деб топиш ва бўлишни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига мурожаат қилган. Суднинг 2021 йил 23 февралдаги ҳал қилув қарори билан унинг даъвоси рад этилган.
Ч. Маматқулова 2021 йил 11 мартда фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига ариза билан мурожаат қилган. Мазкур аризада у никоҳдан ажратилганлигидан бехабарлиги, ҳатто ота-онаси ва қариндошлари ҳам буни билмаганликлари, турмуш ўртоғидан ажрашиш нияти йўқлиги, икки нафар фарзанди борлиги, ярашиб кетиш имконияти мавжудлигини билдириб, суднинг 2020 йил 18 сентябрдаги ҳал қилув қарорини бекор қилишни, никоҳини тиклашни ва ярашиш учун муҳлат беришни сўраган.
2021 йил 6 апрелдаги суд мажлисида суднинг 2020 йил 18 сентябрдаги ҳал қилув қарори янги очилган ҳолат бўйича бекор қилинган ва ишни қайта кўриш тайинланган. 2021 йил 5 май куни иш қайтадан кўрилган. Суд томонидан эр-хотиннинг икки нафар фарзанди борлиги инобатга олиниб, оилани сақлаб қолишнинг имкони бор, деб топилган ва тарафларга ярашишлари учун 3 ойлик муҳлат белгиланган.
Никоҳи тикланганидан сўнг Ч. Маматқулова уй-жойни эр-хотиннинг умумий мулки, деб топиш ва бўлиш масаласида фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига мурожаат қилган.
Суднинг 2021 йил 20 майдаги ажрими билан янги очилган ҳолат бўйича шу суднинг 2021 йил 23 февралдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, ишни янгидан кўриш 2021 йил 3 июнга белгиланган.
Ф. Маматқулов суднинг 2021 йил 6 апрелдаги ҳал қилув қарорига нисбатан хусусий шикоят келтирган. Мазкур хусусий шикоятнинг муҳокамаси 2021 йил 28 май куни ўтказилиб, суд томонидан ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиш ҳақидаги ариза қаноатлантирилиб, Самарқанд вилоят судининг апелляция инстанциясига юборилган. Иш муҳокамаси апелляция инстанциясининг судлов ҳайъати томонидан 8 июнь куни кўриб чиқилади.
Видеомурожаатда Ф. Маматқуловнинг ҳуқуқий саводхонлиги етарли бўлмаганлиги боис қонун нормалари, хусусан, Фуқаролик процессуал кодекси 164-моддасининг мазмун-моҳиятини англаб етмаганлигини пайқаб олиш қийин эмас. Бироқ, бу Ф. Маматқуловга судьялар шаънини ерга уриш, ҳеч бир далил-исботсиз уларни порахўрликда айблаш имконини бермайди. Ф. Маматқулов туҳмат қилганлик, судьяга ҳурматсизлик кўрсатганлик учун қонунчилигимизда жавобгарлик мавжудлигини унутмаса яхши бўларди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси