January 29, 2021

Xalq fikri/Мнение народа Telegram-каналида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти Самарқанд вилоят бўлими томонидан эълон қилинган “Судлар фуқаролик жамияти вакиллари учун ёпиқми?” баёноти юзасидан

Аниқланишича, даъвогар «MO`JIZA MAKONI» МЧЖ жавобгарлар Mehmet Husurhaci, «BAHODIRHOJI OTA» хусусий корхонаси ва Ж. Юсуповга нисбатан ишлаб чиқариш цехи биносининг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг 2020 йил 10 декабрдаги ҳал қилув қарори билан “MO’JIZA MAKONI” МЧЖ ва M. Husurhaci ўртасида 2019 йил 30 апрелда тузилган олди-сотди шартномаси ҳамда “BAHODIRHOJI OTA” хусусий корхонаси ва Ж. Юсупов ўртасида 2019 йил 13 декабрда тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган.

Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан M. Husurhaci ва Ж. Юсуповнинг келтирган шикоятини 2021 йил 21 январь куни вилоят суди апелляция инстанциясида кўриш жараёнида “Эзгулик” Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилоят бўлими раиси М. Субханов томонидан Mehmet Husurhaciнинг ишончли вакили сифатида иштирок этиш тўғрисида ёзма илтимоснома киритилган.

Фуқаролик процессуал кодексининг 67-моддасига асосан қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўлиши мумкин:

1) адвокатлар;

2) насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ёки ён шажара бўйича қариндошлар, шунингдек эр (хотин) ёхуд унинг қариндошлари;

3) юридик шахсларнинг ходимлари — шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;

4) нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари — шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;

5) қонунга биноан бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари;

6) биргаликда иштирок этувчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;

7) ишни кўриб чиқаётган суд томонидан ишда жисмоний шахсларнинг вакиллари сифатида иштирок этишига йўл қўйилган шахслар.

Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, М. Субханов мазкур модданинг 5-бандини нотўғри талқин қилиб, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш вакаолати берилган нотижорат ташкилотнинг вакили сифатида судда иштирок этишга ҳақли эканини иддао қилган. Ваҳоланки, нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари судда вакил сифатида иштирок этишлари қонун асосида белгиланган бўлиши лозим.

Содда қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги каби қонунларда ушбу ташкилот вакилларининг муайян ишлар юзасидан судларда вакил сифатида иштирок этишга ваколатли эканликлари аниқ белгилаб қўйилган. Англаганингиздек, “Эзгулик” Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилоят бўлимига қонун асосида судларда вакил сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилмаган.

Мазкур ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда суд мажлисида М. Субханов Mehmet Husurhaciнинг ишончли вакили сифатида иштирок эта олмаслиги инобатга олиниб, унинг илтимосномаси рад қилинган ҳамда унга очиқ суд мажлисида эркин тингловчи сифатида иштирок этиши мумкинлиги тушунтирилган.

Шунингдек, М. Субхановнинг Олий суд Пленумининг 2010 йил 14 майдаги “Вакилликка доир фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги 5-сонли қарорининг легитимлигини йўқотганлиги ҳақидаги важлари ҳам мутлақо асоссиз бўлиб, мазкур қарор айни чоғда ўз кучини йўқотмаганлиги, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи кўриб чиқилаётганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан ҳамкорлик бошқармаси