June 14, 2021

EFFECT.UZ сайтида 2021 йил 7 июнь эълон қилинган “Тадбиркорнинг оёғига болта эмас, харсанг билан урилди. Суддаги адолатсизликларга қачон чек қўйилади?” сарлавҳали материал юзасидан

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2020 йил 1 декабрдаги ҳукмига кўра Саъдулло Чунгаловга Жиноят кодексининг 189-моддаси 1-қисми ва 192-11-моддаси 2-қисми “а” банди билан Жиноят кодексининг 57, 59-моддалари қўлланилиб, узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 160 баравари миқдорида 32 436 800 сўм жарима жазоси тайинланган.

Суд С. Чунгаловнинг тадбиркор эканлиги, келгусида қонуний фаолият олиб бориб, аҳоли турмуш-тарзини яхшилашга ҳисса қўшиши мумкинлигини инобатга олиб, унга нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазони тайинламасликни лозим топган.

Суд ҳукми билан АТ “Халқ банки” Зарафшон шаҳар филиалига етказилган 203 531 000 сўм моддий зарар судланувчи А. Шамсиев томонидан Навоий вилоят прокуратураси депозит хисоб рақамига қўйилган 50 000 000 сўм ва судланувчи У. Нарзиллоев томонидан қўйилган 60 000 000 сўм ҳамда кредит тўловларининг қолган 93 531 000 сўмлик қисми судланувчи С. Чунгалов томонидан гаровга қўйилган, турмуш ўртоғи З. Исроиловага тегишли бўлган Зарафшон шаҳар, Саноат ҳудудида жойлашган умумий майдони 216 кв. метр, умумий қурилиш майдони 205,1 кв. метр, 11 та хонадан иборат, “NAVOIY BAHOLASH VA KONSALTING MARKAZI” МЧЖ томонидан 189,1 млн. сўмга баҳоланган савдо дўкони, офис ва омборхона биноларининг сотувидан тушган пул маблағлари ҳисобидан қоплашга қаратилган.

Судланувчи С. Чунгалов томонидан гаровга қўйилган фуқаро Х. Нурматовга тегишли бўлган Зарафшон шаҳар, “Оазис” боғдорчилик жамияти, “Широкая” кўчасида жойлашган, умумий майдони 720,0 кв. метр, умумий фойдаланиш майдони 152,94 кв. метр, қурилиш майдони 97,98 кв. метр, 15 та хонадан иборат, “NAVOIY BUSINESS EXPERT” МЧЖ томонидан 210,1 млн. сўмга баҳоланган дала ховлининг тақдирини ҳал қилиш АТ “Халқ банки” Зарафшон шаҳар филиали ихтиёрига қолдирилган.

С. Чунгаловнинг апелляция шикояти асосида мазкур жиноят иши 2021 йил 31 март куни Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўрилиб, жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг ҳукми ўзгаришсиз, С. Чунгаловнинг шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан белгиланган тартибда ўрганиб чиқилаётганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси