ASIATERRA.INFO САЙТИДА 2020 ЙИЛ 28 АВГУСТ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “СУД ПАПСКОГО РАЙОНА НАЗНАЧИЛ ШТРАФЫ И АРЕСТ УЧАСТНИКАМ АКЦИИ ПРОТИВ ЗАКРЫТИЯ КОЛЛЕДЖА” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛА ЮЗАСИДАН МАЪЛУМОТ
2020 йил 26 август куни Поп туман маъмурий судининг очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) 2-қисми, 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик иши юзасидан Е. Урлаева ва бошқаларга нисбатан тўпланган 3-1606-2001/1042-сонли маъмурий ҳуқуқбузарлик иши қўриб чиқилди.
Тўпланган иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, ҳуқуқбузарлар Е. Урлаева ва бошқалар 2020 йил 26 август куни соат 8.30 ларда Поп туманидаги “Қўшминор” маҳалласи ҳудудидаги собиқ Кон-металлургия коллежи биноси олдида уч кишидан ортиқ тўпланиш, оралиқ масофани сақлаш каби махсус комиссия томонидан ўрнатилган карантин чеклов қоидаларини бузиб, норозиликларини кўрсатувчи плакатларни намойишкорона кўтариб, асосий магистрал йўлни Чодак мавзеси билан боғлаб турувчи йўлни тўсиб, автотранспорт воситаларини йўлини тўлиқ тўсиб, бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қўпол равишда бузиб, уларни тартибга чақирган ички ишлар ходимларини ходимларини қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳуқуқбузарлик содир этганликлари тасдиқланган.
Бундан ташқари, суриштирув органи томонидан фуқаролар Е. Урлаева ва бошқалар 2020 йил 26 август куни соат 8.30 ларда Поп туманидаги “Қўшминор” маҳалласи ҳудудида ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш, ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузишда айбланганлар.
Бироқ, тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларда мазкур ҳуқуқбузарликлар акс эттирилмаган ва мазкур ҳуқуқбузарликлар факти аниқланмаганлиги учун уларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизматбурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) 1-қисми, 198-моддаси (ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш) 1-қисми ва 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 1-қисми айбловидан чиқарилган.
Судда ҳуқуқбузар Е. Урлаева тартиббузарлик қилганлиги, суд муҳокамасини ўтказишга тўсқинлик қилганлиги, бақир-чақир қилиб, қўлидаги бир литрли елим идишдаги сувни атрофга сочиб, елим идишни судда раислик қилувчига отганлиги, тинчланишни, тартибга риоя қилишни сўраб қилинган мурожаатлар самара бермаганлиги сабабли, суд муҳокамани уни иштирокисиз кўришни лозим топиб, суд залидан четлатилган.
Судда ишга илова қилинган бир дона DVD русумли дискдаги ёзувлар текширилганда, бир гуруҳ аёллар қўлларида норозиликни билдирувчи плакатлар билан катта йўлни тўсишгани, бақир-чақир қилиб, ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатишаётганлигини акс этганлиги, ишга қўшилган бир дона қоғоз плакатда “Требуем восстановить Папский горно-металлургический колледж в посёлке Чодак и переквалифицировать колледж в техникум!” ёзуви акс этганлиги кўрилди.
Ҳуқуқбузарлар Е. Урлаева ва бошқалар карантин чекловлари ўрнатилган даврда уч нафардан ортиқ тўпланиб, икки метрли ижтимоий масофага риоя қилмасдан, жамоат жойида бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш туриш қоидаларини бузиб, транспортлар ҳаракатига халақит бериб, йўлни тўсиб қўйиб, уларни тартибга чақирган ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисми, 183-моддаси ва 194-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни қасддан содир этганликлари учун уларга жарима жазоси ва маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Поп туман маъмурий судининг қарори устидан ҳуқуқбузарлар Е. Урлаева, С. Аҳмедова ва О. Султонова томонидан кассация тартибида шикоят келтирилган бўлиб, бугунги кунда ушбу шикоятлар белгиланган тартибда Наманган вилояти маъмурий судида кўриб чиқилиши учун расмийлаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати