November 2, 2020

ФАХРИЙ СУДЬЯЛАР ДОИМ ЭЪЗОЗДА

Бекпошша Махмудова 1950 йилда Хоразм вилояти Хива шаҳрида таваллуд топган. 1974 йилда Тошкент Давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. У ўз меҳнат фаолиятини 1973-1982 йилларда Наманган вилоят адвокатлар уюшмаси адвокати, 1982-1984 йилларда Наманган шаҳар Давлатобод тумани судининг судьяси лавозимида, 1984-2000 йилларда Наманган вилоят судининг судьяси, 2000-2005 йилларда фуқаролик ишлари бўйича наманган вилоят суди раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаб келган.

Азал-азалдан илм ва хаёт сабоқларини ўргатиб келган устозларга, фахрийларга иззат-икром кўрсатиш, уларнинг холидан мунтазам равишда хабар олиш эзгу қадриятларимиздан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизда
ота-оналаримиз, мўътабар қарияларимизнинг унутилмас улкан хизмати борлигини, биз улар олдида умрбод қарздор эканимизни унутмаслигимиз, бор имкониятларни ишга солган ҳолда уларнинг мушкулларини осон қилишга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.

Орамизда шундай инсонлар борки, улар билан суҳбатлашиб, маслаҳатлашиб дилингиз яйрайди. Уларнинг фидойилиги, жонкуярлигини кўриб, уларга ҳавас қиламиз, улардан ўрнак олишга интиламиз. Бизнинг орамизда ҳам шундай устозларимиз бор экан биз бундан фахрланамиз.

Бекпошша Махмудова ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги фаолияти давомида қандай вазифаларда ишлаган бўлмасин, барча жабҳаларда одамларга фақат яхшилик қилиш, уларнинг муаммоларини қонуний ечими топиш масаласида ўзининг бор билим ва кўникмалирини сарф қилиш, фуқаролар орасида меҳр-оқибат тушунчаларини кенг тарғиб қилишдек инсонпарварлик тамойилларига таянган ҳолда ўзининг олийжаноблигини намоён қилиб, фидойилик кўрсатган фахрий ва ҳурматли ўзбек аёли сифатида биламиз.

Бекпошша Махмудованинг суд-ҳуқуқ тизимидаги кўп йиллик ҳалол, пок меҳнат фаолияти ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борган самарали меҳнати Давлатимиз Раҳбари томонидан муносиб баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 августдаги Фармонига асосан “Шуҳрат” медали Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Бугун Махмудова Бекпошша қутлуғ 70 ёшни қарши олиши муносабати билан Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик Маркази, Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси жамоаси номидан марказ раиси У.Мингбоевнинг табрик хати ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси А.Б.Сафаев бошчилигида жамоа номидан Б.Махмудовага юксак эҳтиром ва ҳурмат билдирилиб, табрикнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Н.Гаппарова,

фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг катта мутахассиси