Ф. ЮНУСОВАНИНГ ИШИГА ОИД
“HAQSÖZ” Telegram-каналида фуқаро Феруза Юнусова томонидан эълон қилинган видеомурожжат юзасидан маълумот
Даъвогар – Ф. Юнусова жавобгарлар – Н. Абдуллаев ва Р. Абдуллаевга нисбатан уйга киритиш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига мурожаат этган.
Суднинг 2020 йил 6 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Ф.Юнусованинг даъво аризасини каноатлантириш рад қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2020 йил 12 июндаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига нисбатан Ф. Юнусова томонидан келтирилган шикояти қаноатлантирилмасдан, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Ҳозирда иккала инстанция судларининг ҳал қилув қарори ва ажрими қонуний кучга кирган.
Иш ҳолатларига кўра, Ф. Юнусова низоли бўлган Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Фарғона йўли 3-тор кўчаси, 151 Б уйга киритишни сўраган.
Ушбу уй Яшнобод туман (собиқ Ҳамза) Халқ депутатлари ижроия қўмитасининг 01. 06. 1989 йилдаги 158-6/11-сонли қарори, туман ҳокимининг 06. 05. 2011 йилдаги 192-сонли қарори ҳамда Яшнобод туман ҳокимининг 11. 12. 2018 йилдаги 1352-сонли қарорига асосан жавобгар Н. Абдуллаевга, яъни даъвогарнинг қайинотасига тегишли.
Даъвогар Ф. Юнусова ва жавобгар Р. Абдуллаев 2016 йил 25 март куни қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган.
Турмушидан бир нафар 2017 йил 15 июнда туғилган Азизбек Абдуллаев исмли фарзанди бор.
Тарафлар 2018 йил ноябрь ойидан бери бирга яшамайди.
Ф. Юнусова 2019 йил июль ойида фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига мурожаат этиб, турмуш ўртоғи Р. Абдуллаевдан фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар она таъминоти учун алимент ундиришни сўраган.
Суднинг 04. 09. 2019 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг талаби қисман қаноатлантирилиб, Р. Абдуллаевдан Ф. Юнусова фойдасига 15. 06. 2017 йилда туғилган А. Абдуллаев исмли фарзанди то уч ёшга тўлгунга қадар 2019 йил 16 июлдан бошлаб ҳар ойда 300 000 сўмдан алимент ундириш белгиланган.
Шундан кейин, Р. Абдуллаев судга никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этган.
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 13. 12. 2019 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг талабини қаноатлантириш рад қилинган.
Шундан кейин, Р. Абдуллаев такроран судга никоҳдан ажратишни сўраб мурожаат этган.
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг ажрими билан эр-ҳотинга ярашиш учун муҳлат берилган ва фуқаролик ишини кўриш 2020 йил 11 ноябрь кунига қолдирилган.
Ҳозирда Ф. Юнусова ва Р. Абдуллаевнинг никоҳлари бекор қилинмаган.
Даъвогар Ф. Юнусова 2016 йилда низоли бўлган Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Фарғона йўли 3-тор кўчаси, 151 Б уйга келин бўлиб тушган.
2018 йилнинг ноябрь ойида Ф. Юнусова ўз турмуш ўртоғи билан ўзаро жанжаллар сабабли низоли бўлган уйдан чиқиб кетган.
Суд томонидан аниқланишича, даъвогар Ф. Юнусова низоли бўлган Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Фарғона йўли 3-тор кўчаси, 151 Б уйда доимий рўйхатда турмайди.
Низоли уйда 2018 йилнинг ноябрь ойидан бери яшамайди.
Даъвогар ўзига тегишли бўлган мулкларни 2019 йил апрель ойида низоли уйдан олиб чиқиб кетган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Олмазор туман ҳокими ўринбосари, Ҳотин қизлар қўмитаси раисининг 05. 05. 2019 йилдаги 05-049-сонли хатидан кўринишича, Ф. Юнусова ва Р. Абдуллаевларнинг никоҳдан ажратиш масаласида Яраштириш комиссияси томонидан бир неча маротаба йиғилишлар ўтказилган. Лекин ушбу йиғилишларда Ф. Юнусова оиласини сақлаш нияти йўқлиги, ўзига тегишли мол-мулкларни низоли уйдан олиб чиқиб кетганлиги ва келин бўлиб тушган уйга қайти кириш нияти йўқлиги ҳақида тушунтиришлар берган.
Шунингдек, Яшнобод туман “Янги давр” МФЙ қошидаги Яраштириш комиссиясининг 29. 06. 2019 йилдаги ҳамда 13. 01. 2020 йилдаги далолатномаларидан кўринишича, даъвогар Ф. Юнусова 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йилнинг февраль ойига қадар низоли уйга киритиб қўйиш бўйича маҳаллага мурожаат этмаганлиги кўрсатилган.
Бу ҳолат, Яшнобод тумани “Чаманбоғ” МФЙ раисининг судга йўллаган маълумотномасида ҳам акс эттирилган.
Иш кўриш жараёнида биринчи инстанция суди, даъвогар Ф. Юнусова томонидан судга тақдим этилган тегишли давлат ва жамоат ташкилотларига қилган мурожаат хатилари ва унга олинган жавоб хатлари, маҳалла фуқаролар йиғини далолатномаларига ҳуқуқий баҳо бериб, ушбу ҳужжатларни далил сифатида қабул қилмаган.
Чунки, мазкур ҳужжатларда даъвогар Ф. Юнусованинг низоли бўлган уйга кириб яшаш нияти борлиги, бунда жавобгарлар тўсқинлик қилганлиги ҳолатини тасдиқлови маълумотлар ёки фактлар қайд қилинмаган.
Аксинча, ишни кўриш жараёнида Ф. Юнусованинг низоли бўлган Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Фарғона йўли 3-тор кўчаси, 151 Б уйга киришга ҳаракат қилмаганлиги, уйда яшаш нияти бўлмаганлиги факти тарафлар тушунтириши, гувоҳларнинг кўрсатмаси ва юқорида баён этилган бошқа далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топган.
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида 13. 12. 2019 йилда тарафларнинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишини кўриш жараёнида тарафлар 2018 йил ноябрь ойидан бери алоҳида яшаб келаётганлиги, Ф. Юнусова эса келин бўлиб тушган низоли уйда яшаш нияти йўқлигини билдириб ўтган.
Эр-ҳотин 2018 йил ноябрь ойидан бирга яшамаслиги ва Ф. Юнусованинг келин бўлиб тушган уйга киришни ҳоҳламаслиги ҳолати фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди томонидан 2019 йил 4 сентябрда кўрилган она таъминоти билан боғлиқ фуқаролик иши доирасида ҳам ўз тасдиғини топган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорининг 5-банди 3-қисмида тушунтирилишича, турар жойда яшаш учун асослардан бири, пропискада бўлиш ҳисобланади.
Бундан ташқари, уйда яшаш учун шахс низоли уйнинг фойдаланувчиси мақомига эга бўлиши лозим.
Демак, қонун чиқарувчи уй мулкдори ва унда яшайдиган шахслар ўртасида бошқача келишув бўлмаса, тенг фойдаланиш ҳуқуқини белгилаб қўйган.
Иш хужжатларига мувофиқ даъвогар Ф. Юнусова низоли уйнинг фойдаланувчиси ҳисобланмайди, ушбу уйда доимий рўйхатда турмайди, ўтган 1 йилу 3 ой мобайнида низоли уйга кириб яшаш ва ундан фойдаланишга ҳаракат қилмаган, бу борада тегишли чоралар кўрмаган.
Юқорида қайд этилганларга асосан, суд, гарчи даъвогар Ф. Юнусова низоли бўлган Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Фарғона йўли 3-тор кўчаси, 151 Б уйнинг мулкдори бўлмиш Н. Абдуллаевнинг келини бўлсада, бироқ низоли уйнинг фойдаланувчиси эмаслигини, қонунда белгиланган муддатдан ортиқ вақт мобайнида низоли уйда яшамаганлигини, яшаш учун киришга ҳаракат қилмаганлигини, тарафлар ўртасида уйдан фойдаланишда келишув мавжуд эмаслигини, Н. Абдуллаев уйнинг мулкдори ва унинг мулк ҳуқуқи қонун билан ҳимоя қилинишини инобатга олиб, Ф. Юнусованинг даъво аризасини асоссиз деб ҳисоблаб, уни қаноатлантиришни рад қилиш ҳақидаги тўхтамга келган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати