December 25, 2020

Вилоят судлари раислари онлайн қабул ўтказди

Ўтган қисқа давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда уларни ушбу мақсадда бирлаштириб турувчи самарали механизмга айланди.

Навоий вилоят судлари раислари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини уларни овора қилмасдан ўзлари учун қулай жойда кўриб чиқиб ҳал этиш мақсадида Зарафшон шаҳар Халқ қабулхонаси ҳамда Зарафшон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси билан ҳамкорликда Зарафшон шаҳри ва Учқудуқ тумани бўйича видеоконференцалоқа (ZOOM) тизими орқали “Online” қабул ташкил этилди.

Сайёр қабуллар жараёнида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди, фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди, Навоий вилоят маъмурий ва иқтисодий судлари раислари тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фуқароларнинг шикоят, таклиф ва мурожаатларини қабул қилиб, муамммолар ечимини топишда амалий ёрдам кўрсатдилар.

Хусусан, Зарафшон шаҳри ва Учқудуқ тумани бўйича ўтказилган “Online” қабулда жиноят ишлари бўйича 5 та мурожаат, фуқаролик ишлари бўйича 4 та мурожаат, маъмурий судга оид 2 та ва иқтисодий суд фаолиятига оид 5 та – жами 16 та мурожаат  ўрганилиб, 8 та мурожаат жойида ҳал этилган бўлса, қолган барча мурожаатларга тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Шу билан биргаликда, одил судловни амалга оширишдаги меҳнатлари ҳамда фуқароларга қулайлик яратиш ва уларнинг турли хилдаги сарсонгарчилигини олдини олиш мақсадида фуқароларнинг “ONLINE” қабулини ташкил қилишганлиги учун 7 нафар фуқаро томонидан вилоят судлари раисларига ташаккурнома билдирилди.

Бундан ташқари, ўтказилган тадбирлар давомида вилоят суди раислари томонидан  халқ билан очиқ мулоқот қилиниб, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Шу маънода “Online” қабул ўтказиш амалиёти мурожаатни қаерга йўллашни билмай қийналаётган кишилар учун айни муддао бўлаётгани, одамлар мушкулитни осон, узоғини яқин қилаётгани билан аҳамиятга молик.

Албатта, бундай хайрли ишлар келгусида ҳам давом эттирилади.

Ш.Ғофуров

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси