О. РОЗИҚОВНИНГ ИШИГА ОИД
YouTube тармоғидаги фуқаро Олимжон Розиқовнинг видеомурожаати юзасидан маълумот
Даъвогар – О. Розиқов жавобгар - Норин туман хокимлиги ва ишга жалб қилинган жавобгарлар - Норин туман ҳокимлигининг Молия бўлими, Норин туман “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати” ДУКга нисбатан моддий ва маънавий зарарларни ундириш хакидаги даъво аризаси билан 2013 йил 16 июль куни мурожаат этган.
Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди томонидан суд мажлисини кўриб чиқиш 2013 йил 12 август кунига тайинланган. Суднинг 2012 йил 27 августдаги хал қилув қарорига кўра даъвогар аризаси кисман каноатлантирилиб, Норин туман ҳокимлигидан О. Розиқовнинг фойдасига 63 954 563 сўм моддий зарар, 2 000 000 сўм маънавий зарар, жами 65 954 563 сўм ундириш хақида ҳал қилув қарори чиқарилган.
Шунингдек, ушбу ҳал қилув қарорига кўра Норин туман хокимлиги зиммасига О. Розиқовга олдинги ер участкасига мутаносиб равишда ер участкаси ажратиб бериш мажбурияти юклатилган. Норин туман хокимлигидан давлат фойдасига 13 190 913 сўм давлат божи ундирилган.
2013 йил 8 октябрь куни Норин туман хокимлиги томонидан кассация тартибида шикоят ва Учқўрғон туман прокуратураси томонидан кассация тартибида протест келтирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг 2013 йил 21 ноябрь кунги кассация инстанцияси ажримига асосан янги мазмундаги хал қилув қарори чиқарилган. Киритилган даъво ариза рад этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 23 фералдаги ажримига асосан фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят кассация инстанция судининг 2013 йил 21 ноябрдаги ажрими бекор қилиниб, иш янгитдан кўриш учун шу инстанцияга қайта юборилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг 2016 йил 4 августдаги кассация инстанцияси ажримига кўра даъво аризани рад қилиш хақида ажрим чиқарилган.
О. Розиқов суд қарорларидан норози бўлиб, Олий судга шикоят қилган.
Аниқланишича, О. Розиқовга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Норин тумани, “Учтепа” ҚФЙ, “Пастки жўжа” МФЙ ҳудудида 894 кв. м ер майдонида жойлашган уй-жойи давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди кассация инстанциясининг 2016 йил 4 августдаги ажрими билан Норин туман ҳокимлиги ҳисобидан О. Розиқовнинг фойдасига 63 954 563 сўм моддий, 200 000 сўм маънавий зарар ва давлат фойдасига 500 000 сўм давлат божи ундириш белгиланган. Бунда, туман ҳокимлиги томонидан О. Розиқовга ер майдонининг эвазига 0,06 га ер майдони якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратиб берилганлиги инобатга олинган.
Шунда О. Розиқовнинг суд қарорларидан норози бўлиб ёзган шикоятлари Олий суд томонидан ўрганиб чиқилиб, шикоятларда келтирилган важлар иш юзасидан қабул қилинган суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўла олмаслиги боис, Олий суд судьялари ва раҳбарияти томонидан О. Розиқовнинг шикоятлари қаноатлантирмасдан қолдирилган ва О. Розиқовга бу ҳақда бир неча бор ёзма равишда жавоблар берилган.
2017 йил 1 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 350-моддаси 4-қисмига кўра, қонуний кучга кирган суд қарорларига нисбатан уч йилдан кейин берилган назорат тартибидаги аризалар кўрилмаслиги, назорат тартибида шикоят келтириш муддати қатъий бўлиб. Унинг тикланиши назарда тутилмаганлиги, О. Розиқов норози бўлиб шикоят келтирган фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди кассация инстанциясининг 2016 йил 4 августдаги ажримини қонуний кучга кирганлигига уч йилдан кўп вақт ўтганлиги сабабли унинг шикояти кўрилмаслиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати