April 16, 2021

“Халқ овози! Глас народа!” Telegram-каналида эълон қилинган видеолавҳа юзасидан

14 апрель куни "Эзгулик" Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Самарқанд вилоят бўлими раиси Мирзо Субхановнинг жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман суди мажлисига киритилмаганлигига оид

Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми “а” банди ва 137-моддаси (одам ўғрилаш) 2-қисми “б”, “в” бандлари билан айбланган И. Б. ва М. Э. ҳамда Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари билан айбланган Ж. С. га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судининг иш юритувига 2021 йил 11 март куни келиб тушган ва жиноят ишини суд муҳокамасида кўриш 2021 йил 26 март кунига тайинланган.

Мазкур жиноят иши бўйича суд мажлисининг тайёрлов қисмида судланувчи И. Б. ҳимоячиси Қ. Аловов томонидан ушбу жиноят ишининг бир қисми муқаддам шу суднинг раиси томонидан кўрилганлиги ҳақида важ келтирилиб, суд таркибига раддия берилган.

Жорий йилнинг 26 март кунига тайинланган суд мажлисига жабрланувчи О. П. келмаганлиги сабабли суд мажлиси 14 апрель кунига қолдирилган.

2021 йил 14 апрель куни жиноят иши бўйича ўтказилган очиқ суд мажлисида карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида, суд мажлисида иштирок этадиган фуқароларнинг оралиқ масофаси сақланиши учун суд мажлиси залининг сиғимига мутаносиб равишда, уларнинг сони чекланган ҳолда киритилган.

Айнан шу куни “Эзгулик” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Самарқанд вилоят бўлими раиси М. Субханов томонидан жиноят иши бўйича судланувчи И. Б. нинг жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этиши юзасидан илтимоснома туман судининг девонхонасига тақдим этилган.

Бироқ, 2021 йил 14 апрель куни суд мажлисига жабрланувчи О. П. такроран келмаганлиги сабабли унинг иштирокини таъминлаш мақсадида суд мажлиси 2021 йил 19 апрелга қолдирилган.

2021 йил 19 апрель кунидаги мазкур жиноят иши юзасидан ўтказиладиган суд мажлисида юқорида қайд этилган суд таркиби бўйича Қ. Алововнинг раддияси ҳамда М. Субхановнинг судда иштироки бўйича илтимосномаси процессуал қонунчилик талаблари асосида муҳокама қилиниб, қонуний ҳал этилиши маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси