Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди
Тошкент шаҳар ва туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Тошкент шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий билимларини ошириш, уларга суд амалиёти тўғрисида маълумотлар бериш, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг иш фаолияти жараёнида дуч келаётган муаммолари ва уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкиллаштирилди.
Давра суҳбатида пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларига давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар ва қулайликлар, хусусан Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 24 сентябрь куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар хусусида ахборот берилди.
Шунингдек, тадбирда сўнги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, тадбирда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чораларга ҳам алоҳида урғу берилиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Мазкур давра суҳбатида тадбиркор субъектлари вакилларидан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича амалий таклифлар ва фикр-мулоҳазалар олинди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтказилган тадбирда айни пайтда тадбиркорларни қийнаётган муаммолар тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича чоралар белгиланди.