СУД РАИСИ ЎҚУВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактабида Зарафшон туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси Шерзод Ғофуров сўзга чиқиб, ёшларимизда юртга дахлдорлик, муносиб келажак авлодни тарбиялаш, билимга чанқоқлик, меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш борасида фикр юритди.
Бунинг учун ёшларимиз мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиши, албатта, китобга меҳр қўйиши, доимий равишда китоб ўқиб, ўз билим ва маънавиятини ошириб бориши, ёт ғояларга берилмаслик, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш масалаларида мулоҳазалар ўртага ташланди.
Тадбирда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан суд раисига мурожаат этишди ва тегишли жавоб олишди.
Бундай учрашувларни бошқа таълим муассасаларида ҳам ўтказиш юзасидан келишиб олинди.
Аҳрор Жумадуллаев,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди ходими