ФАРИДА ҲУСАНОВАНИНГ ВИДЕОМУРОЖААТИГА ОИД

2020 йил 22 июнда YouTube тармоғидаги Шокир Мусаевнинг каналида эълон қилинган фуқаро Ф. Ҳусанованинг видеомурожаати юзасидан маълумот

Даъвогар Фарида Ҳусанова жавобгарлар Бахтиёр Султонов ва Шахлохон Каттаходжаеваларга нисбатан қарз ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судига 2019 йил 18 сентябрь куни судга мурожаат этган ва фуқаролик ишини кўриб чиқиш судья Ж. Шароповнинг иш юритувига берилган.

Даъвогар Ф. Ҳусанова ўз даъво аризасида 30 000 АҚШ долларини ҳамда ушбу суммани вақтида берилмаганлиги учун фоиз ундириб беришни сўраган.

Даъвони таъминлаш мақсадида суднинг 2019 йил 20 сентябрдаги ажрими билан жавобгарларга тегишли бўлган кўчмас мол-мулкларга нисбатан тақиқ қўйилган.

Иш бўйича бир нечта суд мажлислари ўтказилиб, тарафларнинг кўрсатмалари эшитилган, гувоҳлар сўралган.

2019 йил 17 декабрдаги суд мажлисида даъвогар Ф. Ҳусанованинг ишончли вакили адвокат А. Буриев даъво талабини ўзгартириш ҳақида ариза билан мурожаат қилган ва тарафлар ишни келишув битими асосида ҳал этишга муддат сўраганликлари сабабли суд мажлиси 2019 йил 23 декабрга қолдирилган.

2019 йил 23 декабрдаги суд мажлисида тарафлар келишувга эришмаганликларини маълум қилишган ва жавобгар судга қарши даъво тақдим учун учун муддат сўраганлиги сабабли ишни кўриш 2020 йил 6 январга қолдирилган.

2020 йил 6 январдаги суд мажлисига жавобгар Б. Султонов даъвогар Ф. Ҳусановага нисбатан қарз шартномаси бўйича ортиқча тўланган пул суммасини ундириш ҳақидаги қарши даъво аризаси билан мурожаат этган.

2020 йил 9 январдаги суд мажлисида жавобгар Б. Султоновнинг адвокатлари Т. Тиллаева ва Ф. Фархутдинова томонидан судья Ж. Шароповга нисбатан раддия берилган. Ушбу раддия суд раиси Ш. Ражабов томонидан кўриб чиқилиб, асоссиз бўлганлиги сабабли рад этилган.

Бироқ, судья Ж. Шароповнинг 2020 йил 27 январдаги ёзма билдиргисига асосан фуқаролик иши судья Ж. Сирожевнинг иш юритувига ўтказилган.

2020 йилнинг январь ойида даъвогар Ф. Ҳусанова ва жавобгар Б. Султонов суд раиси Ш. Ражабов томонидан туманлараро суди судьяларининг устидан берилган шикоятлар юзасидан фуқаролар қабул хонасида қабул қилинган ва уларнинг мурожаатларига суд раиси томонидан тушунтиришлар берилган.

Республикада ўрнатилган карантан чоралари сабабли фуқаролик ишини кўриш муддатлари узайтирилган.

Карантин чоралари юмшатилгандан сўнг фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилган ва фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2020 йил 8 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Ф. Ҳусанованинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгар Б. Султоновдан даъвогар Ф. Ҳусанова фойдасига 304 449 300 сўм (яъни 30 000 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати) асосий қарз, 70 023 339 сўм (ёки 6 900 АҚШ доллари) банк фоизи, 12 818 200 сўм суд харажатлари, жами 387 306 449 сўм ундирилган.

Даъвогар Ф. Ҳусанованинг даъво аризасида кўрсатилган суммаларни Ш. Каттаходжаева (Б. Султоновнинг турмуш ўртоғи) дан солидар тартибда ундириш рад этилган.

Шунингдек, ҳал қилув қарори билан жавобгар Б. Султоновнинг қарз шартномаси бўйича ортиқча тўланган пулни ундириш ҳақидаги қарши даъво аризасини қаноатлантириш рад этилиб, жавобгар Б. Султоновдан давлат фойдасига 8 743 879 сўм миқдорида давлат божи ундирилган.

Жавобгар Б. Султонов иш мазмунан кўрилганидан сўнг даъвони таъминлаш чоралари бекор қилиш қилиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилган.

Суднинг 2020 йил 18 июндаги ажрими билан жавобгар Б. Султоновнинг аризаси қисман қаноатлантирилиб, Ф. Ҳусанованинг талабидаги даъво баҳосига мутаносиб бўлган кўчмас мулк (савдо мажмуаси) га қўйилган тақиқ сақланиб қолинган. Ушбу ажрим нусхаси 2020 йил 23 июнь куни (қонунда белгиланган 5 кунлик муддат ичида) тарафларга берилган.

Суднинг 2020 йил 18 июндаги ажримига нисбатан даъвогар Ф. Ҳусанова томонидан хусусий шикоят келтирилиб, хусусий шикоятни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида кўриш 2020 йил 7 июлга тайинланган.

Суднинг 2020 йил 8 июндаги ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар Б. Султонов томонидан апелляция шикояти келтирилиб, ҳозирги кунда ушбу шикоятни расмийлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати