Судлар фаолиятида замонавий ахборот технологиялардан кенг фойдаланилмоқда
Хабарингиз бор 2020 йил 3 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорнинг ижросини таъминлаш ҳамда идоралараро электрон ҳужжат алмашув тизимининг соддалаштириш (аввалроқ ушбу ишлар солиқ қарзини қарздорнинг мол мулкига қаратиш тўғрисидаги ишларга жорий қилинган) мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ўртасида 2020 йил 22 сентябрда №354 (02-Ф) – сонли қўшма фармойиш имзоланди.
Мазкур қўшма фармойишга кўра, эндиликда солиқ идоралари томонидан солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни (солиқ идораси раҳбарининг қарорига асосан 10 кун муддатга) тўхтатилгандан кейин ҳам қарорда кўрсатиб ўтилган муддат ичида (қарорда кўрсатиб ўтилган қонун бузилишлар) камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни ўн кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги солиқ идоралари туманлараро (туман, шаҳар) иқтисодий судларга илтимоснома (аризаларни) билан интеграция қилинган ахборот тизими орқали тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланилган ҳолда мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланди.
Юқоридаги қарор ҳамда фармойишнинг ижросини жойларда таъминлаш мақсадида Оҳангарон туманлараро иқтисодий судида ҳудуддаги (Ангрен, Оҳангарон ва Олмалиқ шаҳарлари ҳамда Оҳангарон туман ДСИ) солиқ идоралари ходимлари билан биргаликда ўқув семинар машғулоти ўтказилди.
Семинар машғулоти давомида Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди раиси И.Юсупов ҳамда ушбу суднинг судьяси Х.Каримов мазкур тоифадаги илтимоснома (аризалар) билан судларга электрон мурожаат қилиш тартиби, илтимосномага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар ҳамда ушбу тоифадаги электрон ишларни шакллантириш механизми, бунинг натижасида солиқ идоралари ҳамда судларда вақт ва қоғоз тежалишига олиб келиши, бундан ташқари солиқ тўловчининг электрон манзилига солиқ идораси ҳамда суд томонидан қабул қилинган барча ҳужжатларнинг электрон шаклда юборилишига эришилиши тўғрисида тегишли тушунтириш берилди.
Семинар машғулоти қизғин саволларга бой руҳда ўтди.
Ихтиёр Юсупов,
Оҳангарон туманлараро
иқтисодий суди раиси