Одил судлов соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар учун халқаро рейтинг ва индексларнинг аҳамияти
Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги моддий ва процессуал нормаларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичлари ошишига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, сўнгги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида 52 поғонага, “Бизнес юритиш” индексида 18 поғонага кўтарилди.
Таъкидлаш лозимки, халқаро рейтинг ва индекслардаги мамлакатнинг эришган ютуқлари, аввало, халқнинг турмуш-тарзи, фаровон ҳаётида ўз аксини топиши муҳим ҳисобланади. Бунда давлат органлари ва ташкилотларида халқаро рейтинг ва индекслар билан тизимли ишлашни ташкил этиш, ушбу йўналишда ишлайдиган мутахассисларнинг малакасини ошириб бориш, халқаро рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш алоҳида аҳамият эга.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 июндаги ПФ–6003-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилинди. Жумладан, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди ва Кенгашнинг асосий вазифалари белгиланди. Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ–5635-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш устувор мақсадлардан бири этиб белгиланиб, бунинг учун масъул вазирлик ва идоралар рўйхати тасдиқланган. Хусусан, одил судлов соҳасига оид халқаро рейтинг ва индекслар, жумладан Иқтисодий эркинлик индексининг Суд фаолияти самарадорлиги, “Doing business” индексининг Контрактлар ижросини таъминлаш, Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Фуқаролик одил судлови ва Жиноий одил судлов таркибий индикаторлари, “Глобал рақобатбардошлик индекси”даги Судлар мустақиллиги индикатори, Жаҳон мамлакатлари демократияси индексидаги Фуқаролар эркинлиги индикаторининг “Суд ҳокимиятининг Ҳукумат таъсиридан мустақиллиги даражаси” кўрсаткичи, Бошқарув сифати индикаторларидаги Ҳуқуқ устуворлиги индикаторининг “Суд мустақиллиги” ва “Суднинг Ҳукуматдан мустақиллиги даражаси” кўрсаткичларида Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилашга алоҳида аҳамият берилган.
Бугунги кунда халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузини янада ошириш ва одил судлов самарадорлигини кучайтириш мақсадида судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд иш юритуви самарадорлигини ошириш, низоларни ўз вақтида ва сифатли ҳал қилиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу мақсадларга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда, тизимли ташкилий чоралар кўрилиб келиняпти.
Мазкур йўналишларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида кўрсатилган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Биргина бизнес юритиш соҳада Президентимизнинг “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 13 июлдаги ПҚ–3852-сон, 2019 йил 5 февралдаги ПҚ–4160-сон, шунингдек “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил
20 ноябрдаги ПҚ–4525-сон қарорлари қабул қилинди.
Уларнинг мантиқий давоми сифатида 2019 йил 20 мартда “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2019 йил 23 майдаги қонунлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди.
Ушбу ислоҳотларнинг самараси натижасида “Бизнес юритиш 2020” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 7 поғона юқорига, яъни 190 мамлакат орасида ўтган йилги 76-ўринддан 69-ўринга кўтарилди, Ўзбекистон шартномалар ижросини таъминлаш индикатори бўйича ўтган йилги
41-ўриндан 22-ўринга кўтарилиб, ишбилармонлик муҳитини яхшилашда энг юқори кўрсаткичга эришган 20 та давлат қаторига кирди.
Маълумот учун: Ўзбекистон низоларни суд томонидан тезкор ҳал этишнинг вақт кўрсаткичи бўйича 190 та давлат ичида 225 кунлик натижа билан 3-ўринни эгаллади. Низоларни суд йўли билан ҳал этишда кетадиган харажат кўрсаткичи бўйича эса МДҲ мамлакатлари орасида 4-ўринни олди.
Барчамизга маълумки, илғор ривожланган хорижий мамлакатлар ўзининг ривожланиш даражасига биринчи навбатда, хусусий мулк дахлсизлиги ва мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш орқали эришган. Хусусий мулкнинг дахлсизлиги негизида биринчи навбатда халқнинг тинч-тотувлиги ва фаровон ҳаёти туради.
Шу муносабат билан, мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлаш, мулк ҳуқуқидан асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 20 ноябрь куни бўлиб ўтган тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мазкур Қонун билан, жумладан, ер участкаларини ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ҳокимларнинг ваколатларини чеклаш, мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Бунда мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш натижасини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари бўйича ташаббус билан чиқиш қатьиян тақиқланяпти, бундай ишлар судлар томонидан ҳам кўриб чиқиш учун қабул қилинмаслиги белгиланяпти. Ер участкаси давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган асосларнинг аниқ ва тўлиқ рўйхати қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда.
Олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузишнинг қатьий шартлари белгиланиб, бу тўғрисидаги қарор адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина қабул қилиниши, кўчмас мулк объектини бузишга компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнггина йўл қўйилиши белгиланяпти.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниб, амалиётга жорий этилиши натижасида хусусий мулк дахлсизлиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда (Қонун устуворлиги индекси (“Rule of law”) ва Иқтисодий эркинлик индекси (“Index of economic freedom”) мамлакатимиз нуфузи ошишига эришилади.
Шу билан бирга, Иқтисодий эркинлик индексининг Суд фаолияти самарадорлиги индикаторида мамлакатимиз 2019 йилда 34,3 балл билан 126-ўринни эгаллаган. Ҳуқуқ устуворлиги индексининг мамлакатимиз 2019 йилда 94-ўринни эгаллаган, унинг Фуқаролик одил судлови индикаторида 72-ўринни, Жиноий одил судлов индикаторида
67-ўринни эгаллаган.
Мазкур йўналишларда ислоҳотларни жадаллаштириш, тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади. Шу мақсадда ҳозирда Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноий-ижроия кодексларини янги таҳрирда қабул қилиниши устида ишланмоқда. Мазкур кодексларга, Фуқаролик процессуал кодексига фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга, одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган нормалар, янги институтлар, соддалаштирилган механизмлар киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 июндаги
ПФ–6003-сонли Фармони ижроси доирасида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича Республика Кенгаши томонидан2020 йилнинг иккинчи ярмида белгиланганчора-тадбирлар режалари бўйича ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган 45 та тадбир амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил
24 июлдаги ПФ–6034-сонли Фармони одил судлов соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Хусусан, унга кўра:
- вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилмоқда;
- илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиляпти;
- Судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этиляпти;
- прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда;
- Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этиляпти.
Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади;
БМТ нинг махсус маърузачиси Д.Гарсия-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро экспертлар назорат инстанцияси мавжудлигини жиддий танқид қилган эди.
- Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби фаолият юритади;
- суд тизимининг судьялари ва ходимларининг моддий таъминотини 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ Давлат бюджетига ўтказиш бўйича таклиф киритилмоқда. Хорижий давлатларда суд тизимининг моддий таъминоти тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Шу билан бирга, одил судлов сифати ва самарадорлиги оширишда соҳани рақамлаштириш энг муҳим масалалардан биридир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 3 сентябрдаги ПҚ–4818-сонли Қарори қабул қилинди. Унга кўра Олий суд ахборот тизимини 28 та давлат органлари ахборот тизимларига интеграция қилиш орқали маълумотлар алмашинувини 100 фоиз рақамли шаклга ўтказишни назарда тутувчи “йўл харитаси”, 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди.
Дастурда ахборот-коммуникация технологиялариинфратузилмасини янада ривожлантиришмақсадидасуд биноларига интерактив хизматлардан мустақил фойдаланиш учун махсус терминаллар ва ҳужжатларни топшириш учун электрон навбат ускуналарини ўрнатиш, шунингдек маълумотларнинг тезкор мониторингини амалга ошириш мақсадида Олий суд биносида Вазиятли марказни яратиш, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали аҳолининг судлар билан электрон ҳамкорлигини таъминлаш, хусусан суд мажлисида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш, суд мажлисини аудиоёзувдан фойдаланиб қайд этиш, апелляция ва кассация инстанцияси судларида барча ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, иштирокчиларни суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали хабардор қилиш, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш имкониятлари яратилиши белгиланди.
Бундан ташқари, одил судлов соҳасига оид 15 та қонун лойиҳаси тайёрланган бўлиб, уларнинг 9 таси Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган.
Мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши:
суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга;
одил судлов самарадорлигини оширишга;
фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг суд орқали ишончли ҳимоя қилинишига эришишга;
хусусий мулк дахлсизлиги, қонун устуворлиги ҳамда одил судлов соҳасидаги халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз нуфузини оширишга хизмат қилади.
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимли чора-тадбирлар аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг одил судловга ишончини мустаҳкамлаш, суд ишларини юритиш самарадорлигини ошириш билан биргаликда халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз ўрнини яхшилашга ҳам хизмат қилади.
Шербек Назаров,
Олий суд Халқаро рейтинглар билан ишлаш бўлими бошлиғи