March 10, 2020

ҲАМКОРЛИК ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти туманлараро (туман) судлари судьялари, туман(шаҳар) фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш идораларининг мудирлари ҳамда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходимлари иштирокида “Туғилганлик ва оталикни тан олиш фактини белгилаш билан боғлиқ ишларни кўришда судлар томонидан одил судловни амалга ошириш борасидаги суд амалиёти” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинар йиғилишидан кўзланган асосий мақсад фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судлари ҳамда туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро билим ва тажриба алмашиш, шунингдек, судлар томонидан мазкур тоифадаги муносабатларни кўриб ҳал этишда одил судловни тўғри йўлга қўйиш, фуқароларнинг оворагарчиликларини олдини олишдан иборатдир.

Статистик ҳисоботларга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судлари томонидан 2019 йил давомида туғилганлик фактини белгилаш билан боғлиқ 165 та, оталик фактини белгилаш билан боғлиқ 43 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган.

Семинар давомида судларнинг ҳал қилув қарорлари асосида никоҳдан ажратиш, оталикни белгилаш, туғилганликни қайд этиш, вафот этганлик фактларини қайд этиш ҳолатлари кўпайиб бораётганлиги эътироф этиб ўтилди.

Шу боис, бу борада юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш, суд амалиётини бир хиллаштириш, қонунчиликни тўғри тадбиқ этиш бўйича судьялар ва ФҲДЁ бўлимлари мудирлари ўрталарида фикрлар алмашилди.

Йиғилиш қизғин савол-жавоб тарзида ўтди ва келгусида бу борада ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Б.Джумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди раиси