September 22, 2020

“SMS” ОРҚАЛИ СУДГА ЧАҚИРИШСА АЖАБЛАНМАНГ

Аввало шуни айтиш керакки, судлар фаолиятига замоноавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масаласи 2017 йил қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб берилган эди. Шу боис дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, барча инстанция судлари фаолиятига “E-XSUD” ҳамда “E-SUD” ахборот тизимлари ҳамда марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси жорий қилинди.

2018 йил 2 октябрдан эътиборан, биринчи инстанция судларида ишларни судьялар ўртасида инсон омилисиз автоматик тарзда тақсимлаш имкониятини берувчи дастурий таъминот фаолияти тўлиқ жорий этилган.

Мазкур тизимни жорий этилиши ишларни судьялар ўртасида адолатлик ва холис асосида тенг тақсимлаш имконини берди.

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар туфайли  фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий судларда видеоконференцалоқа тизимида фойдланган ҳолда суд мажлисларини ўтказиш тартиби жорий этилган.

Энди Президентимизнинг 2020 йил 4 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳақида тўхталадиган бўлсак, 2020-2023 йиллар давомида судлар фаолиятини рақамлаштириш даражаси янги босқичга кўтарилади.

Яъни, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш,

2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш,

2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш,

2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш ишлари амалга оширилади.

Илгари судга чақириш қатъи қоғоз шаклда амалга оширилар эди. Янаги йил 1 октябрдан бошлаб сизнинг телефонингизга “SMS” хабар юборилади. Шундай экан, телефонингизга sms хабар борса ажабланманг.

Дурдона Дадахонова,

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси