YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Нодира Жаҳонбоеванинг видеомурожаати юзасидан
Аниқланишича, даъвогар Нодира Жаҳонбоева жавобгар Илҳомжон Қодиржоновга нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар билан биргаликдаги турмушлари мобайнида сотиб олинган Жалақудуқ тумани, Охунбобоев шаҳридаги Навоий кўчасида жойлашган савдо дўконини бўлишни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг 2015 йил 20 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад қилиниб, жавобгар И. Қодиржонов раҳбарлик қилаётган “Нозима бону сервис” хусусий корхонасига тегишли бўлган Жалақудуқ тумани, Охунбобоев шаҳар, Навоий кўчасида жойлашган “Савдо дўкони ва ошхона” бинолари даъвогар Н. Жаҳонбоева билан жавобгар И. Қодиржоновнинг никоҳ давомида сотиб олинган умумий мулки деб топилган ва умумий фойдаланишда қолдирилган.
Андижон вилоят суди апелляция инстанциясининг 2015 йил 16 апрелдаги ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Андижон вилоят суди апелляция инстанциясининг 2015 йил 16 апрелдаги ажримига нисбатан Олий суд раисининг ўринбосари томонидан назорат тартибида протест келтирилган.
Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2017 йил 14 февралдаги ажрими билан апелляция инстанциясининг 2015 йил 16 апрелдаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун шу инстанция судига юборилган. Мурожаатчи “Олий суд раиси қабул қилган қарор 3 йилдан сўнг бекор қилинди” дея айнан мана шу ажримни назарда тутган, аниқроғи ушбу ажримни нотўғри талқин қилган кўринади.
Андижон вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 14 мартдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш бўйича янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Унга кўра, даъвогар Н. Жаҳонбоевага Жалақудуқ тумани, Охунбобоев шаҳридаги Навоий кўчасида жойлашган “Савдо дўкони” биносининг S1-томони – биринчи қаватида жойлашган умумий фойдаланиш майдони 22.4 кв. метр бўлган бир хона, жавобгар И. Қодиржоновга “Савдо дўкони” биносининг S2-томони – иккинчи қаватида жойлашган умумий фойдаланиш майдони 72.8 кв. метр бўлган уч хона бўлиб берилиши белгиланган.
Даъвогар Н. Жаҳонбоеванинг тенгликдан чекинган ҳолда улушини бўлишда жавобгар И. Қодиржоновдан ундирилиши лозим бўлган 15 851 794 сўм миқдоридаги маблағдан воз кечиши инобатга олиниб, мазкур даъво талаби иш юритишдан тугатилган.
Суд ҳужжатларига нисбатан иш бўйича жавобгар И. Қодиржонов назорат тартибида шикоят келтирган.
Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 14 январдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг 2015 йил 20 февралдаги ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг 2017 йил 14 мартдаги ажрими бекор қилиниб, даъвогар Н. Жаҳонбоеванинг жавобгар И. Қодиржоновга нисбатан никоҳ давомида сотиб олинган савдо дўконини бўлиш ҳақидаги даъво талабини рад қилиш тўғрисида янги ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Судлов ҳайъатининг ажримига кўра, Жалақудуқ тумани, Охунбобоев шаҳар, Навоий кўчасида жойлашган “Савдо дўкони ва ошхона” биноси дастлаб Р. Исамиддиновга тегишли бўлган.
2011 йил 10 ноябрда Жалақудуқ туман давлат нотариал идораси томонидан тасдиқланган олди-сотди шартномага асосан Р. Исамиддинов низоли “Савдо дўкони ва ошхона” биносини “Нозима Бону сервис” хусусий корхонасига сотган. Мазкур ҳолатда низоли бино хусусий корхона мулки ҳисобланади.
“Хусусий корхона тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, хусусий корхона ўз мулкида алоҳида мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда уларни амалга ошириши, мажбуриятларни бажариши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
Ушбу қонуннинг 12-моддасига кўра, хусусий корхонанинг устав фонди бўлинмасдир ва уни мулкдорнинг ўзи белгилайди.
Пул, қимматли қоғозлар, пул билан баҳоланадиган бошқа мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд бошқа шахсга бериладиган ўзга ҳуқуқлар хусусий корхонанинг устав фондига қўшиладиган ҳисса бўлиши мумкин. Мулкдор хусусий корхонанинг устав фондига ўзи киритадиган мол-мулкни мустақил баҳолайди.
Агар хусусий корхонанинг устав фонди шакллантирилаётганда мулкдор ўз оила аъзоларининг умумий (улушли ёки биргаликдаги) мулки ҳисобланган мол-мулкни корхонага бераётган бўлса, ушбу мол-мулкнинг барча мулкдорларидан нотариал тасдиқланган розилик олиш талаб этилади.
Судлов ҳайъати ушбу қонун талабидан келиб чиқиб, низоли “Савдо дўкони ва ошхона” биноси “Нозима Бону сервис” хусусий корхонасининг мулки эканлиги ва ушбу мулк тарафларнинг умумий биргаликдаги мулки ҳисобланмаслигини инобатга олиб, суд ҳужжатларини бекор қилиб, иш бўйича даъвони рад қилиш тўғрисида янги ҳал қилув қарори қабул қилган.
Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 14 январдаги ажримига нисбатан “Нозима Бону бахти камоли” МЧЖ раҳбари М. Пайзиматовнинг шикояти 2021 йил 5 февралда Олий судга келиб тушган бўлиб, айни чоғда мазкур шикоят белгиланган тартибда ўрганиб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ
билан ҳамкорлик бошқармаси