June 17, 2021

Facebook фойдаланувчиси М. Отахоновнинг билдириши юзасидан

Фуқаро Муҳаммадқодир Отахонов 2021 йил 15 июнь куни Facebook ижтимоий тармоғи орқали эълон қилинган мурожаатида Марҳамат тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Н. Ғ. га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) билан айблаш хусусидаги маъмурий иш жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судида кўриб чиқилишини, аммо бу "маъмурий иш" эмаслигини баён этган.

Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судининг иш юритувига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан Н. Ғ. ҳамда М. М. га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатлари 2021 йил 15 июнь куни келиб тушган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 305-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш муддатлари) га кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш мазкур ишни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, мазкур маъмурий ишни кўриш 2021 йил 21 июнь кунига тайинланганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан

алоқалар бошқармаси