April 8, 2021

Human.uz порталида 2021 йил 2 апрелда эълон қилинган «Судма-суд сарсон фуқаро: Олий суд октябрдаги иш бўйича 1 йиллик муддат ўтган демоқда» сарлавҳали мақола юзасидан

“Чори-С” хусусий фирмаси “Очилов Ўктам Шодиёрович” фермер хўжалигига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобградан бино, қишлоқ хўжалик техникалари ва чорва молларидан иборат, жами 11 104 585 сўмлик мол-мулкларни мажбурий тартибда олиб беришни сўраган.

Қашқадарё вилоят иқтисодий суди биринчи инстанциясининг 2019 йил
28 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Бухоро вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2020 йил
20 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, даъвогарнинг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилган.

Ушбу суд қарорларига нисбатан “Чори-С” хусусий фирмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг кассация инстанциясига кассация шикояти берилган. Мазкур кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиш, даъвони қаноатлантириш, фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳамда ишни кўрган судьяларга нисбатан хусусий ажрим чиқариш сўралган.

Ушбу кассация шикоятига ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома илова қилинмаганлиги боис 2021 йил 5 мартдаги Олий суд ажрими билан ушбу шикоят қайтарилган.

“Чори-С” хусусий фирмаси томонидан кассация шикояти бериш муддатини тиклаш тўғрисида илтимоснома билан бирга Олий судга берилган кассация шикояти судья томонидан ўрганилиб, шикоят бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномани ва кассация шикоятини қабул қилишни рад этиш тўғрисида 2021 йил 27 мартдаги ажрим чиқарилган.

Шунингдек, “Чори-С” хусусий фирмаси судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, “Очилов Ўктам Шодиёрович” фермер хўжалигини Нишон тумани, “Юлдуз” қўрғонида жойлашган “Чорвачилик комплекси” ва унга тегишли ер майдонидан мажбурий тартибда чиқаришни сўраган.

Суднинг 2019 йил 18 февралдаги ажрими билан “Бешкапа чорвачилик комплекси” масъулияти чекланган жамияти, Нишон тумани ҳокимлиги, Нишон тумани Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бўлими, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, “Jayxun ko`li saxovati” ХСИЧК ва “Sof dengiz” хусусий корхонаси ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.

Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 15 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Бухоро вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 20 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суд судьясининг 2021 йил 3 мартдаги ажрими билан “Чори-С” хусусий фирмасининг суд ҳужжатлари устидан берган кассация шикоятини иш юритувига қабул қилиш рад этилган.

Иқтисодий процессуал кодекси 285-моддасининг биринчи қисмига кўра, кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида, яъни кассация шикояти ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан сўнг бир йил ичида берилиши мумкин.

Мол-мулкни олиб бериш тўғрисидаги иқтисодий иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарори 2019 йил 28 февралда, ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисидаги иқтисодий иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарори 2019 йил 15 апрелда қонуний кучга кирган ва кассация шикояти бериш учун белгиланган бир йиллик муддат ўтиб бўлган.

Иқтисодий процессуал кодекси 285-моддасининг иккинчи қисмига кўра, кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Гарчанд “Чори-С” хусусий фирмасининг кассация тартибида келтирилган ҳар икки шикоятига кассация шикояти бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномалар илова қилинган бўлса-да, бироқ улар уч ойлик муддат ўтиб бўлганидан сўнг, аниқроғи, кечикиб берилган.

Ушбу ажримларни бекор қилиш тўғрисида берилган илтимосномалар асосида ажримнинг қонунийлиги ўрганилиб, Олий суд раиси ўринбосари томонидан уларни қаноатлантириш рад этилган ва бу тўғрида “Чори-С” хусусий фирмасига жавоб юборилган. Қолаверса, Олий суд раҳбариятининг шахсий қабулида ҳам мазкур фирма вакилларига бу ҳақда тушунтириш берилган.

Иқтисодий процессуал кодекси 289-моддасининг биринчи қисмига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикоятини (протестини) беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда ўрганади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида баён қилинишича, кассация шикоятини (протестини) ўрганиш натижалари бўйича судья: 1) кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш ва ишни талаб қилиб олиш тўғрисида; 2) кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш ҳақида; 3) кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримлардан бирини чиқаради.

Кассация шикоятини ўрганиш судья томонидан иш ҳужжатларисиз, кассация шикояти ва унга илова қилинган ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Агар кассация шикояти Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган бўлса кассация инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилинади ҳамда иш тегишли суддан чақириб олинади.

Иқтисодий процессуал кодекси 292-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра, агар кассация шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса, кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси томонидан қайтарилади.

Ушбу Кодекс 291-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, агар кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш рад этилган бўлсаЎзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этади.

“Чори-С” хусусий фирмаси судга яна бошқа бир даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Очилов Ўктам Шодиёрович” фермер хўжалигидан 14 турдаги мол-мулкни мажбурий тартибда олиб бериш, шунингдек “Жайхун кўли саховати” ХСИЧК ва “Соф денгиз” хусусий корхонасини “Бешкапа” чорвачилик комплекси ҳудудидан мажбурий тартибда чиқаришни сўраган.

Суднинг 2017 йил 25 сентябрдаги ажрими билан даъвонинг жавобгар “Очилов Ўктам Шодиёрович” фермер хўжалигидан “Чори-С” хусусий фирмасига 14 турдаги мол-мулкни мажбурий тартибда олиб бериш талаби қайтарилиб, “Жайхун кўли саховати” ХСИЧК ва “Соф денгиз” хусусий корхонасини “Бешкапа” чорвачилик комплекси ҳудудидан мажбурий тартибда чиқариш қисми иш юритувига қабул қилинган.

Қашқадарё вилоят иқтисодий судининг 2017 йил 18 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, “Жайҳун кўли саховати” ХСИЧК ва “Соф денгиз” хусусий корхонаси “Бешкапа” чорвачилик комплекси ҳудудидан мажбурий тартибда чиқарилган.

Самарқанд вилоят иқтисодий суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 1 февралдаги қарорига асосан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 25 апрелдаги ҳал қил қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад қилинган.

Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 27 февралдаги ажримига асосан Қарши туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун тайинланган.

Суднинг ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Нишон тумани ҳокимлиги, Нишон тумани ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, “Очилов Ўктам Шодиёрович” фермер хўжалиги жалб этилган.

Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарори билан “Чори-С” хусусий фирмасининг “Жайҳун кўли саховати” ХСИЧК ва “Соф денгиз” хусусий корхонасини “Бешкапа” чорвачилик комплекси ҳудудидан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантириш рад этилган.

Бухоро вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 20 октябрдаги қарорига асосан Қарши туманлараро иқтисодий судининг
2019 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ушбу суд қарорлари устидан берилган кассация шикояти Олий суд судьясининг ажрими билан иш юритувига қабул қилинган бўлиб, судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилмоқда.

Мақолада чорвачилик комплекси ҳудудидан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисидаги иш бўйича берилган кассация шикояти Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг иш юритувига қабул қилинганлиги, айни бир ҳолат бўйича икки хил ёндашув мавжудлиги кўрсатилган.

Конституциясимизнинг 112-моддаси ва “Судлар тўғрисида”ги Қонун 4-моддаси биринчи қисмига кўра судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар.

Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Олий суд Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги “Суд ҳокимияти тўғрисида”ги 1/60-сон қарорининг 4-бандида судьядан иш бўйича у ёки бу қарорни қабул қилишга доир тушунтиришлар талаб қилишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги, ундан бундай тушунтиришлар фақат қонунда назарда тутилган ҳоллардагина олиниши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилган.

Ушбу қарорнинг 9-бандида тушунтирилишича, қуйи судлар юқори судларга фақат процессуал жиҳатдан бўйсунадилар, қуйи судларининг судьялари, ушбу судларнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларига, Олий суднинг судьялари эса Олий суд раиси ва унинг ўринбосарларига фақат ишларни ташкиллаштириш масалалари бўйича бўйсунадилар. Қайд этилган мансабдор шахслар суд ишлари бўйича судьяларга йўлланма беришга, судьяларни интизомий тартибда жазолашга ҳақли эмаслар.

Мазкур ҳолатда ушбу иш бўйича берилган кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиш ва уни суд муҳокамасига тайинлаш масаласини судьянинг якка ўзи мустақил тартибда ҳал этган. Яъни, ушбу кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиш, қайтариш ёки қабул қилишни рад этиш бўйича судьяга кўрсатма бериш ёки ундан ушбу масала бўйича тушунтириш олиш мумкинлиги қонунда назарда тутилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси