Р. САВРИЕВГА ОИД ЖИНОЯТ ИШИ БЎЙИЧА
YouTube тармоғида эълон қилинган видеомурожаат юзасидан
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг 2010 йил 14 май кунги ҳукмига кўра, Рустам Савриевга Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 227-моддаси 1-қисми билан Жиноят кодексининг 45, 57, 59-моддалари тартибида 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари ҳисобида 2 804 000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанциясининг 2010 йил 24 июндаги ажрими билан ҳукмнинг Р. Савриевга оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 23 декабрдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанциясининг 2010 йил 24 июндаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан апелляция инстанция судида кўриш учун юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 19 мартдаги ажрими билан ҳукмнинг Р. Савриевга оид қисми ўзгартирилиб, унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 227-моддаси 1-қисмидан Жиноят кодексининг 302-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилинган.
Ҳукмнинг Р. Савриевга Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 227-моддаси 1-қисми билан Жиноят кодексининг 45, 57, 59-моддалари тартибида жазо тайинлаш қисми бекор қилиниб, Р. Савриевга 2009 йил 28 августдаги амнистия тўғрисидаги қарорининг 2-банди татбиқ этилиб, унга Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддаси 3-қисми 1-бандига асосан жазо тайинланмаган.
Р. Савриевнинг 21577-ҳарбий қисм озиқ-овқат хизмати бошлиғи Х. Ахмедов ва бошқалар билан бир гуруҳ шахс бўлишиб, ҳужжатларни қалбакилаштирган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги, шунингдек, қатъий ҳисобида бўлган ҳужжатларни қасддан нобуд қилганлигида ифодаланган ҳаракатлари ўз тасдиғини топмаган бўлса-да, унинг қисм командирининг ичкари бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келиб, ҳарбий қисмнинг озиқ-овқат хизмати фаолиятини назорат қилиш бевосита мажбуриятига кирувчи мансабдор шахс бўлгани ҳолда ҳисоб-китоб ва ҳисобот юритилишини ташкил этмаганлиги ва назорат қилмаганлиги, текшириш ўтказилиши, китобларнинг юритилишини таъминламаганлиги ва бошқа ҳолатларда намоён бўлувчи хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги оқибатида 2008 йил давомида ҳарбий қисмнинг жуда кўп миқдорни ташкил қилувчи 197 811 981 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинишига сабаб бўлган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати