YouTube тармоғида судланувчи Ш. Сафаровга оид жиноят иши бўйича эълон қилинган видеолавҳа юзасидан
Аниқланишича жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судининг 2020 йил 10 декабрдаги ҳукмига асосан Ш. Сафаров марҳум Ж. Хушбоқовнинг ўлимида айбдор деб топилган ва унга нисбатан Жиноят кодекси 97-моддасининг 1-қисми билан 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қашқадарё вилоят прокурорининг ҳамда жабрланувчи ва марҳум қонуний вакилининг даъво аризалари қисман қаноатлантирилиб, Ш. Сафаровдан марҳумнинг қонуний вакили С. Муқимова фойдасига 30 000 000 сўм моддий ва 60 000 000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.
Ш. Сафаровнинг ҳимоячиси-адвокат Х. Джабборов ҳамда марҳумнинг қонуний вакили С. Муқимованинг вакили-адвокат О. Раҳимовнинг биринчи инстанция суди ҳукмидан норози бўлиб, келтирган апелляция шикоятига асосан мазкур жиноят иши апелляция инстанцияси судида кўриш учун 2021 йил 19 январга тайинланган.
Шу куни суд мажлиси чоғида судланган Ш. Сафаров ва марҳумнинг қонуний вакили С. Муқимова сўроқ қилинган. Жабрланувчининг вакили-адвокат О. Раҳимовнинг воқеа куни марҳум ва судланган ўртасидаги суҳбат ёзиб олинган аудиоёзувни эшитиб кўриш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилган, иш вақти тугаганлиги сабабли суд мажлисига 2021 йил 27 январга қадар танаффус эълон қилинган.
2021 йил 27 январь куни суд мажлисида жабрланувчи З. Муқимова иштирок этган. Жабрланувчининг вакили-адвокат О. Раҳимов судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, очиқ суд мажлисида мустақил блогер иштирок этишига ва суд жараёнини видеотасвирга олишга рухсат беришни сўраган. Илтимоснома жабрланувчилар томонидан қувватланган.
Раислик қилувчи томонидан суд мажлисида блогерларнинг иштирок этиши ва видеотасвирга олиши юзасидан тарафлар фикри сўралганида судланган Ш. Сафаровнинг ҳимоячиси-адвокат М. Абидов эътироз билдириб, судланувчининг шахсига оид маълумотлар ошкор бўлиши, блогерларнинг иштирок этишига қаршилигини билдирган. Судланган Ш. Сафаров ҳам ўз ҳимоячисининг фикрини қувватлаган. Шунингдек, давлат айбловчиси судланган Ш. Сафаровнинг қаршилигини инобатга олиб, илтимосномани рад қилишни сўраган.
Олий суд Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги Қарорининг 14-бандида “Судлар шуни инобатга олиш лозимки, қонунга кўра:
а) очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида — суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.
Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса, шунингдек, аудиоёзув олиб боришлари мумкин.
Процесс иштирокчилари илтимосномаларини, оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаатларини қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида суд жойида ажрим чиқаради ва суд мажлиси баённомасига киритади” деган тушунтиришларидан келиб чиқиб, мустақил блогерга очиқ суд мажлисида иштирок этишга рухсат берилган. Аммо судланган Ш. Сафаров ва унинг адвокати видеотасвирга олишга қарши фикр билдирганликлари ҳамда давлат айбловчисининг фикри инобатга олиниб, фототасвир ва видеотасвирга олишга рухсат берилмаган.
Шаффофликни таъминлаш ва тарафларда ортиқча эътирозлар бўлмаслиги учун суд мажлиси жараёнини судья катта ёрдамчиси томонидан аудиоёзувга олиш ва ёзувларни суд мажлиси баённомасига илова қилган ҳолда ишда сақлаш ҳақида ажрим чиқарилган.
Бироқ, ушбу жараёндан кейин жабрланувчи Зуҳра Муқимова, марҳумнинг қонуний вакили Сабоҳат Муқимова ва уларнинг очиқ суд мажлисида иштирок этаётган қариндоши Собир Муқимов судга ҳурматсизлик қилиб, раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунмасдан, судлов ҳайъати судьялари, давлат айбловчиси ва судланувчининг ҳимоячилари шаънига турли ҳақоратли сўзлар ёғдириб, суд тартибини бузганлар.
Раислик қилувчи томонидан бир неча бор уларга ажрим мазмуни тушунтирилишига ва тартибга риоя қилиш ҳақидаги огоҳлантиришларига, ички ишлар органлари ходимларининг тинчлантиришларига қарамай, судга нисбатан ҳурматсизлик қилиб, судьяларни, прокурорни, ҳимоячи-адвокатларни “порахўр” ва бошқа одоб-аҳлоқ қоидаларига зид сўзлар билан ҳақорат қилишган. Бу ҳам етмагандек, суд мажлиси ўтказилишига кескин қаршилик кўрсатганликлари сабабли раислик қилувчининг фармойишига мувофиқ, улар суд мажлиси залидан чиқариб юборилган ва 2021 йил 5 февраль куни соат 15.00 га қадар суд мажлисига танаффус эълон қилинган.
З. Муқимова, С. Муқимова ва С. Муқимов танаффус эълон қилинганидан кейин ҳам суд мажлиси залида ўзларининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини давом эттиришган. Қўриқлаш хизмати ходимлари уларни суд биносидан чиқариб юбораётганида ҳам баланд овозда суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари шаънини ерга уриш, ҳақоратлашдан тўхташмаган.
Судга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик кўрсатиш, ҳақорат қилиш, шунингдек судьяларни менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлади. Шу маънода З. Муқимова, С. Муқимова ва С.Муқимовнинг хатти-ҳаракатларини ҳам мутлақо оқлаб бўлмайди.
Ўзбекистон РеспубликасиОлий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
ҳамкорлик бошқармаси