YouTube каналида А. Эргашевга оид жиноят иши бўйича эълон қилинган видеомурожаат юзасидан
Видеомурожаатда марҳум Шавкат Аҳмедовнинг оила аъзолари ва қариндошлари унинг ўлимида айбдор деб топилган Алишер Эргашевга нисбатан тайинланган жазодан норози бўлиб, марҳум гўёки бир гуруҳ шахслар томонидан ўлдирилганлиги, бироқ дастлабки терговда ҳам, суд жараёнида ҳам бунга эътибор қаратилмаганлиги ҳамда маҳкумга нисбатан енгил жазо тайинланганлиги ҳақида важлар келтиришган.
Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг 2020 йил 16 декабрдаги ҳукмига кўра, Алишер Эргашев ўз опаси Юлдуз Аҳмедованинг турмуш ўртоғи Ш. Аҳмедовнинг ўлимида айбдор деб топилган ва унга нисбатан 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташлиги белгиланган.
Маҳкум А. Эргашевнинг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликдаги айби, ўзининг айбига қисман иқрорлик билдириб берган тушунтиришидан ташқари, жабрланувчи Ё. Турдиқулов, гувоҳлар Ю. Аҳмедова, Д. Эргашев, Ш. Турдиқулов, Ш. Алимов, З. Аҳмедова, Б. Турдиқулова ва Н. Азамовларнинг дастлабки тергов ва суддаги кўрсатувлари, жиноят ишидаги ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси, судга оид тиббий экспертиза хулосалари, сўроқ ва юзлаштириш баённомалари, тушунтириш хатлари ҳамда ишда тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.
Шунингдек, гувоҳ сифатида сўралган Б. Турдиқулова ва З. Аҳмедовалар ўз тушунтиришларида Д. Эргашев ва А. Эргашевлар марҳум Ш. Аҳмедовнинг қўлларидан ушлаб туриб, унга тан жароҳати етказганлигини таъкидлаган бўлсалар-да, судда гувоҳ тариқасида сўралган эксперт Н. Аъзамов ўзининг тушунтиришида ҳамда судга оид тиббий хулосасида марҳум Ш. Аҳмедовнинг юқорида кўрсатиб ўтилган тан жароҳатлари ўткир тиғли санчиб кесиб кирувчи жисмлар таъсирида пичоқ тиғидан етказилган бўлиши мумкинлиги, унинг ушбу жароҳатлари қўл билан уришдан етказилмаганлигини баён қилган.
Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда Жиззах вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Ш. Исановнинг 2020 йил 29 сентябрдаги қарорига биноан Д. Эргашев ва Ю. Аҳмедованинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли ишнинг уларга тегишли қисми ҳаракатдан тугатилган.
Суднинг мазкур ҳукмидан норози бўлиб, судланувчи А. Эргашев ва унинг ҳимоячиси адвокат И. Қувватов ҳамда жабрланувчи Ё. Турдиқулов томонидан апелляция шикояти келтирилган. Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апеллляция инстанциясининг 2021 йил 2 февралдаги ажримига асосан биринчи инстанция судининг 2020 йил 16 декабрдаги ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси