НАМАНГАН ВИЛОЯТ СУДИ РАИСЛАРИ БОЛАЛАР ҲУЗУРИДА
Болалар бахти ва иқболи юрт истиқболи ва келажагини белгилайди.
Қонун устуворлиги, адолат барқарорлиги йўлидаги одимлар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш истаги сари дадил қадам ҳам, аввало, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазаси таъминланганлигида намоён бўлади. Бир сўз билан айтганда, бола бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади.
Бу "Бола кулса - олам кулади", деган эзгу истакда ҳам намоён. 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни.
Муҳим сана муносабати билан Наманган вилоят жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъумрий ва иқтисодий суди раислари Наманган шаҳридаги 26-сонли Меҳрибонлик уйида бўлиб, болаларга совғалар тақдим этдилар.
Мазкур эзгу ташаббусда пандемия даврида мамлакатимиздаги инсонпарварлик тамойиллари, халқимизга хос болажонлик ифодаси яққол намоён бўлди.
Жараёнда жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Давламирза Камилов, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Абдураҳмон Сафоев, вилоят маъмурий суди раиси Салоҳиддин Турсунов, вилоят иқтисодий суди раиси Мўминжон Астанов тўлиқ карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда муассаса ҳаёти билан яқиндан танишдилар.
Болажонларга ҳам турли совғалар билан бирга антисептик воситалар тақдим этилдики, бу санитария талаблари, келажагимиз эгаларининг саломатлиги, дуркун камоли ҳар қандай мезондан устувор эканлиги ифодасидир.
Вилоят судлари раислари ўғил-қизларнинг меҳрибонлик ошёнидаги ҳаёти, ушбу даргоҳда улар учун яратилган қулайлик ва имкониятлар, шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш баробарида болажонларнинг ижодий ишлари, изланишлари, ташаббусларидан баҳраманд бўлдилар.
Болалар, уларнинг устозлари, тарбиячи ва мураббийлари билан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муҳозафаси борасидаги қонуний кафолатлар ҳақида суҳбатлашдилар.
Амалдаги қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқий кафолатлар рўёби қай даражада таъминланаётганини кузатиш баробарида болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, меҳр ва эътиборга шоҳид бўлдилар.
Албатта, болажонлар, уларнинг устоз-мураббийлари ушбу ушбу хайрли иш, эзгулик одимидан беҳад қувондилар.
Салохитдин Турсунов,
Наманган вилоят Маъмурий судининг раиси