Ҳарбий суд судьялари ва ҳарбий прокуратура иштирокида семинар
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори генерал-майор Ш.Ш.Узаковнинг ташаббуси билан Республика Ҳарбий суди ҳамкорлигида Қуролли Кучлар Академиясида видеоконференцалоқа тарзида семинар ташкил этилди.
Семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 август кунги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишланди.
Онлайн тадбирда Ҳарбий прокуратура органлари ходимлари ва Ҳарбий суд судьялари иштирок этишди.
Анжуманни Ҳарбий суд раиси С.Эшанкулов иштирок этиб, “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг қабул қилиниши соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ҳамда ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш борасида янги даврни бошлаб бергани юзасидан маъруза қилди.
Тарихий аҳамиятга молик ушбу фармон шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда фуқароларда суд-тергов фаолиятига бўлган ишонч ортишига замин яратиши алоҳида эътироф этилди.
Семинар сўнггида фармон талабларидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Акмал Жонқобилов,
Ҳарбий суд судьяси