Kun.uz сайтида 2021 йил 22 май куни эълон қилинган “Тошкент маъмурий судидан 2 хил стандарт: «Обнал иши»даги мантиқсизлик судда давом этмоқда” сарлавҳали мақола юзасидан
Маълумки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26-моддасида белгилаб қўйилганидек, маъмурий суд судловига фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир.
Шунингдек, ушбу Кодекснинг 27-моддаси 1-қисми 2-бандига мувофиқ, маъмурий суд давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал этади.
Юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, маъмурий судга маъмурий органнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) билан мурожаат қилиш мумкин.
Бироқ, мансабдор шахснинг ваколати доирасидаги хатти-ҳаракатларни амалга оширишга сабаб бўлган ҳолатлар ва унинг натижасидан келиб чиқадиган оқибатларни инобатга олган ҳолда ишнинг маъмурий судга тааллуқли ёки тааллуқли эмаслигига баҳо берилади.
Айрим ҳолларда жисмоний ва юридик шахслар маъмурий орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатига нисбатан судга шикоят киритган бўлса-да, шикоят қилинаётган ҳаракат тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши билан боғлиқ бўлиши ёки ҳаракат натижаси пул маблағларига алоқадор бўлгани туфайли иқтисодий судларга тааллуқли бўлиши мумкин. Бу борада суд амалиётидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Айнан шу каби баҳсли ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларида тушунтиришлар бериб ўтилган.
Хусусан, Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги “Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 15-сонли Қарорининг 3-бандига мувофиқ, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқса-да, қонунда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судга, иқтисодий ва ҳарбий судга тааллуқлилиги белгиланган низолар бўйича ишлар маъмурий судга тааллуқли эмас.
Агар ариза маъмурий орган бўлмаган корхона, ташкилот, муассаса ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш ёки унинг мансабдор шахси ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) ғайриқонуний деб топиш тўғрисида берилган ёхуд ариза (шикоят) маъмурий органга нисбатан берилган бўлиб, аммо устидан шикоят берилаётган ҳаракат меҳнат муносабатларидан келиб чиққан бўлса, бундай талаблар маъмурий суд судловига тааллуқли эмас.
Шу билан бирга, мазкур Пленум қарорининг 4-бандига мувофиқ, давлат органлари ва улар мансабдор шахслари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ қабул қиладиган қарорлари ёки амалга оширадиган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судга тааллуқли эмас.
Юқоридаги қонун ҳужжатлари талабларига эътибор қаратган ҳолда, жисмоний ва юридик шахслардан маъмурий судга киритиладиган ҳар бир шикоят талаби ва асослари индивидуал ёндошган ҳолда алоҳида ўрганилади. Чунки, битта маъмурий органга нисбатан бир хил талаб, лекин турли асослар билан ёки аксинча мурожаат қилиш мумкин.
Шу сабабли, kun.uz сайтида чоп этилган “Тошкент маъмурий судидан 2 хил стандарт: “Обнал иши”даги мантиқсизлик судда давом этмоқда” сарлавҳаси остида мақолада келтирилган важлар билан келишиб бўлмайди ва янглиш хулосаларга келинган.
Ҳақиқатдан ҳам мақолада келтирилган “В” МЧЖ Тошкент шаҳар солиқ бошқармасига нисбатан келтирган шикояти маъмурий суд судловига тааллуқли эмаслиги сабабли, маъмурий иш Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 4 майдаги ажрими билан иш юритувдан тугатилган. Суднинг мазкур ажримига нисбатан шикоят ёки протест келиб тушмаган.
“G” МЧЖ ва “Т” ХК томонидан Тошкент шаҳар солиқ бошқармасига нисбатан келтирган шикояти Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 26 апрелдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилган.
Суднинг мазкур ишлари бўйича ҳал қилув қарорларига нисбатан апелляция тартибида шикоят келиб тушган бўлиб, юқори инстанция, яъни Тошкент шаҳар маъмурий судининг апелляция инстанциясида ҳуқуқий баҳо берилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси