February 12, 2020

АЖРАЛИШЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ромитан туман ҳокимлигида низоли оилалар муаммоларини ҳал этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди ва маъмурий суди судьялари, туман хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар иттифоқи, таклиф этилган оилалар ҳамда тумандаги барча маҳаллаларнинг яраштирув комиссияси аъзолари иштирок этишди.

Биламизки, оила – муқаддас қўрғон, ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешигидир. Зеро, халқнинг, миллатнинг келажаги айнан оила билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.

Бироқ, айрим фуқаролар томонидан муқаддас ҳисобланган оила қадрига етмасдан, ҳаёт синовларига дош беролмасдан, сабр қилмасдан судларга никоҳдан ажрашиш борасидаги мурожаатлар қилиб келинаётганлигини кузатиш мумкин.

Шу нуқтаи назардан, 2019 йилда судда кўрилган оила-никоҳ низоларига оид ишлар таҳлил қилинганда, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди томонидан унга бириктирилган туманлар, яъни Ромитан ва Жондор туманлари бўйича никоҳдан ажратиш билан боғлиқ жами 305 та (2018 йилда бу кўрсатгич 358 та) фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилиб, шундан 192 та (2018 йилда 211 та) иш қаноатлантирилган. 51 та (2018 йилда 45 та) иш қаноатлантиришдан рад қилинган, 14 та (2018 йилда 24 та) иш кўрмасдан қолдирилган ва 48 та (2018 йилда 78 та) иш юзасидан тарафлар ярашганлиги сабабли иш юритиш тугатилган. Кўриниб турибдики, никоҳдан ажралишларнинг камайишига эришилган бўлсада, бироқ батамом бартараф этилиш имконияти қийин кечмоқда.

Суд амалиётига яна бир назар соладиган бўлсак, асосан никоҳдан ажрашиш ҳақидаги даъволарда тарафларнинг бир-бировининг характери тўғри келмаганлиги, оилага қайнона ёки опа-сингил ёхуд ака-укалар (учинчи шахслар)нинг аралашуви, бир томоннинг бошқа чет элларда узоқ вақт кетиб қолиши, ишсизлик, хиёнатнинг важ қилиниши кўпроқ учрайди.

Бундан кўринадики, никоҳдан ажрашишларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳар икки томоннинг оила қуришга тайёр эмаслиги, ўз меҳнати ва машаққатисиз ота-оналар орзуси билан осонгина оила қуришга эришиш, оиладаги арзимас келишмовчиликлар, яъни қилдан қийиқ қидириш, оила қурган ёш келинларни ёлғиз қолдириб, куёвларнинг Россия ёки бошқа чет элларга ишлаш учун кетиб қолиши, ҳуқуқий онг ва маданиятнинг пастлиги, ижтимоий тармоқларидан мақсадсиз фойдаланиш, бегона шахслар билан ёзишмалар қилиниши, натижада эр-хотин ўртасидаги ишончга путур етиб, хиёнатларнинг юзага келиши, оиладаги етишмовчилик, шунингдек қайнона-келин муносабатларининг кескинлашиши кабилар ташкил қилмоқда.

Натижада эса, муқаддас оила қўрғонига путур етиб, болалар тирик етимга айланиб қолмоқда. Шу сбабли жамиятда янги муаммолар вужудга келиб, болаларнинг таъминоти ва аёлларнинг турар жойсиз сарсон саргардон бўлишига сабаб бўлмоқда.

Маълумки, 2018 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган Меморандум талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига таянган ҳолда, аёлларни мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан яқиндан таништириб бориш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, никоҳдан ажратиш ва эрта никоҳга киришиш ҳолатларини олдини олиш, улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, биринчи марта жиноят содир қилиш йўлига кириб қолганларга, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик оқибатида жабрланганларга ҳуқуқий кўмак бериш, мулкий муносабатдаги муаммоларни ҳал этиш, уларни тадбиркорлик соҳасида яратилаётган имкониятлардан яқиндан хабардор қилиб бориш каби ишларни ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш вазифалари белгилаб олинган.

Бугунги кунда айнан юқоридаги меморандум асосида мутасаддилар ҳамкорлигида оилаларни яраштириш чораларини кўриш ишлари жадал давом этмоқда. Шунга қарамай, никоҳдан ажрашиш ҳолатларига узил-кесил барҳам берилмаётганлиги кишини ташвишга солади.

Йиғилишда никоҳдан ажрашишнинг олдини олиш борасида бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

 Ж.Чориев,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси