September 23, 2020

Қ. САПАРОВНИНГ МУРОЖААТИГА ОИД

Instagram ижтимоий тармоғида фуқаро Қаҳрамон Сапаров томонидан эълон қилинган билдириш юзасидан

Фуқаро Қ. Сапаров суд қарорларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судига ёзган шикоятида низоли Хазорасп туман ҳокимининг 2016 йил 9 апрелдаги 342к-сонли қарори ноқонуний бўлсада, судлар асоссиз равишда талабини рад этганлигини маълум қилиб, суд қарорларини бекор қилишни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 186-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар ушбу Кодексда ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин.

Низолашилаётган ҳоким қарори чиқарилганлигига 1 йилдан ортиқ вақт ўтганлигини инобатга олиб, судлар ушбу қонун талабини қўллаган ҳолда Қ. Сапаровнинг талабини рад этиш тўғрисида қонуний хулосага келган.

Қ. Сапаров келтирган важлари суд қарорларини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўла олмаслиги сабабли унинг шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Бу ҳақда Қ. Сапаровга 2020 йил 6 июлдаги МИБ-586-20-рақамли жавоб хати билан маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати