September 16, 2020

УМУМИЙ МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ ВА УНИНГ ТАСАРРУФ ЭТИЛИШИ

Ўзбекистон Республикаси Бош қомусида мулк ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланиши ҳамда унинг дахлсизлиги белгилаб қўйилган.

Республикамизда мулк қонунчилигиги бўйича мустаҳкам норматив ҳуқуқий база яратилган. Жумладан, Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси “Мулкчилик тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида”ги Қонун ва бир қатор қонун ости ҳужжатларидан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 216-моддасида умумий мулк тушунчаси берилган бўлиб, умумий мулк деганда - икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши тушунилади. Демак, умумий мулкда субъектлар сони камида икки киши бўлиши зарур. Бир сўз билан айтганда, умумий мулк бўлиши учун мулкдорлар бир неча шахс бўлиши керак.

Фуқаролик қонунчилигига мувофиқ, фуқаролар, юридик шахслар ва давлат умумий мулкни ташкил қилишлари ва умумий мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини биргаликда амалга оширишлари мумкин. Бу ўз навбатида амалдаги Фуқаролик кодексининг янгиликларидан биридир, чунки аввалги Иттифоқ қонунчилигига биноан, давлат билан фуқаролар ўртасида умумий мулкнинг вужудга келишига йўл қўйилмаган. Бунга социалистик ва шахсий мулкнинг турли ҳуқуқий режими сабаб бўлган.

Умумий мулк ҳуқуқининг субъектлари бир неча шахсдан иборат бўлганлиги учун шерикларнинг ҳар бири бундан мулкни ўз ҳолича тасарруф қила олмайди, балки ўзига тегишли объектларни биргаликда ўзаро келишув асосида эгаллайди, улардан фойдаланади ва тасарруф қилади. Умумий мулк субъектлари фуқаролар, юридик шахслар (давлат ташкилотлари) ҳам бўлиши мумкин.

Умумий мулкнинг ўзи хос хусусиятлари қуйидагилардир:

Биринчидан, умумий мулк кўп субъектли, яъни мулк икки ёки ундан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга тегишлидир.

Иккинчидан, унинг объектини умумий тоифага кирувчи муайян бир мол-мулк ташкил этади;

Учинчидан, умумий мулкчиликда шерик мулкдорларнинг барча учинчи шахслар билан ташқи муносабатларидан ташқари, уларнинг ўртасида ички муносабатлар ҳам мавжуд бўлади.

Мамлакатимиз фуқаролик қонун ҳужжатларида умумий мулкнинг икки хил тури бор. (ФКнинг 216-моддаси)

1-улушли мулк;

2-биргаликдаги мулк.

Ҳар бир иштирокчининг улуши белгиланган мулк улушли мулк бўлади.

Умумий мулк деганда улушлари белгиланмаган бўлса, мазкур мулк биргаликдаги мулк ҳисобланади. Уларнинг ўртасидаги асосий фарқ эса қуйидагича:

Улушли мулкнинг ҳар бир иштирокчиси ашёда аниқ белгиланган ҳиссага эга бўлади. Масалан ярмига, учдан бир ва ҳоказо.

Тақсимланмайдиган биргаликдаги умумий мулкда эса, ҳиссаларга тақсимланадиган мулкдан улушларга ажралмаслиги билан фарқ қилади. Бунда умумий мулк ҳамма иштирокчилари ўртасида, уларнинг умумий розилиги ва тенглик асосида эгалланади, фойдаланилади ва тасарруф этилади.

Умумий мулкнинг вужудга келиш асосларига тўхталиб ўтадиган бўлсак:

Биринчидан, бўлинмайдиган ва қонунга кўра тақсимлаш мумкин бўлмаган мулкнинг икки ёки ундан ортиқ шахсга ўтиши натижасида юзага келади. Масалан: фуқаро вафот этгандан сўнг унинг ҳаётлигида сотиб олган автомобили икки нафар фарзандига қолган. Мазкур автомобил икки нафар фарзанди учун умумий мулк бўлиб, автомобилни иккига тақсимлаш имконияти йўқ. Агар автомобил реал иккига тақсимланса, ўзининг хусусиятини ва фаолият функцияси йўқотади. Бундай холатларда улушнинг ажратилиши ФКнинг 223, 226-моддаларига асосан бўлинмас ашёнинг мулкдорларнинг бирига улуш миқдорида компенсация тўлаш орқали амалга оширилади. Ёки машҳур рассомнинг чизган расми унинг оила аъзоларига мерос бўлиб ўтиши бунга яққол мисол бўла олади.

Иккинчидан, тақсимланадиган мол-мулкнинг умумий биргаликдаги мулклиги қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда вужудга келади. Масалан: акциядорлик жамиятида ҳар бир шахснинг улуши унинг уставида белгилаб қўйилган.

Профессор И. Зокировнинг фикрича умумий мулк қуйидаги асослардан вужудга келади:

-биринчидан, оддий ширкат шартномасидан, масалан бир неча фуқаронинг бирлашиб, уй-жой қуриши ёки бир неча жамоа хўжалиги биргалашиб, электр станциясини қуриши,

-иккинчидан, бир неча фуқаронинг муайян умумий мулкка эга бўлиш учун маблағ ва меҳнатларининг қўшилишидан, масалан, умумий оилавий мулк,

-учинчидан бир неча шахсларнинг қонун ёки васият бўйича мерос олишларидан.

Умумий улушли мулкни эгаллаш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда шерик эгалариинг ҳуқуқлари икки турга: барча умумий мулкка нисбатан, умумий мулкдаги улушга нисбатан бўлган ҳуқуқларга бўлинади. Бинобарин, умумий улушли мулк эгаларининг ҳар қайсиси ўз улушини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлса ҳам, жумладан ўз улушини агар қонун ёки устав (низом)да бошқача ҳол белгиланмаган бўлса, ўзга шахсга ўтказиш ҳуқуқига эга бўлса ҳам, умумий мулкни шерикларининг розилигидан ташқари тасарруф қила олмайди.

Умумий улушли мулкни эгаллаш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш давомида бундай мулкнинг эгалари ўртасида бўлган низолар умумий мулк иштирокчиларининг ҳар қайсисининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал қилинади.

Умумий улушли мулк эгалари ўз ихтиёрида бўлган мулкни ҳаммаларининг розилиги билан эгаллайдилар, ундан фойдаланадилар ва тасарруф этадилар. Агар умумий шерик мулкни эгаллаш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисида ўзаро келиша олмасалар, бундай масала шерик эгаларнинг ҳар кайсиси даъвоси бўйича суд томонидан ҳал килинади.

Умумий улушли мулкнинг ҳар қайси эгаси умумий мулк юзасидан бўлган солиқ ва бошқа тўловларни тўлашда, шунингдек, уни бошқариш ва сақлаш харажатларида ўз ҳиссасига яраша катнашишга мажбур.

Умумий мулкни саклаш ёки умумий мажбуриятни бажариш юзасидан харажатлар килган бошқа шерикларидан ўзининг қилган чиқимларини ҳар бирининг ҳиссасига мувофиқ қопланишини талаб килиш ҳуқуқига эгадир.

ФКнинг 218-моддасида айтилганидек, умумий улушли мулкнинг ҳар қайси эгаси ўз улушини бошқа шахсга ўтказишга ҳақли. Бунда улушни ҳақ бараварига ҳам, текинга ҳам бировга ўтказиш назарда тутилади. Умумий мулкнинг шериклари ташкилот бўлган такдирда, улар ўз улушларини бировга ҳақ бараварига ўтказади, кўпинча уни сотади. Фуқаролар эса, ўз улушларини ҳақ бараварига ҳам, текинга ҳам бировга ўтказиши, жумладан, сотиши, ҳадя этиши, шунингдек, васият қилиб қолдириши мумкин.

Улушли мулкдаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш унинг барча иштирокчилари келишувига мувофиқ амалга оширилади. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда, улушли мулкдаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш суд томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Мулкдорлардан бири ўз улушини бошқа шахсга сотган вақтда қолган мулкдорлар сотилаётган улушни у сотилаётган нархда ва бошқа тенг шартларда сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқга эгадир. Ким ошди савдоси орқали сотиш ҳоллари бундан мустасно (ФКнинг 224-моддаси).

Умумий мулкдаги улушни сотувчи ўз улушини ўзга шахсга сотиш нияти ҳақида бошқа мулкдорга ёзма равишда маълум қилиб, улушнинг нархини ва уни сотишнинг бошқа шартларини кўрсатиши зарур.

Агар қолган мулкдорлар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширишдан воз кечсалар ёки бу ҳуқуқни хабар қилинган кундан эътиборан кўчмас мулкка нисбатан бир ой давомида, бошқа мол-мулкка нисбатан эса ўн кун давомида амалга оширмасалар, сотувчи ўз улушини ҳар қандай шахсга сотишга ҳақли бўлади.

Давлат ёки бошқа юридик шахслар уй-жойга нисбатан бўлган умумий мулк ҳуқуқидаги ўз улушини сотган тақдирда уй-жойнинг ана шу улушни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқ уйнинг шу қисмида яшовчи шахсларга берилади, улар сотиб олишни ҳохламаганлари ёки бу ҳуқуқни амалга оширмаганларида эса улушни сотиб олиш ҳуқуқи умумий мулкнинг қолган шерикларига ўтади.

Агар улуш шерикларнинг имтиёзли ҳуқуқлари бузилиб сотилса, умумий улушли мулкнинг бошқа шериги сотиб олувчинининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўзига ўтказилиши тўғрисида даъво қўзғатиб, судга мурожаат қилиши мумкин. Аммо бу ҳуқуқ ва мажбурият мулкни олиб-сотишда белгиланган нархини ҳамда сотиб олиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тўлаш шарти билангина унга ўтказилиши мумкин.

Агар мулк олувчи улушни сотиб олиш тўғрисида розилик берган бўлса-ю, лекин у нотариал идорага келишдан бош тортса, нотариус сотувчининг танлаши бўйича бошқа шахс билан шартномани расмийлаштириш ҳуқуқига эга.

Умумий мулк бўлган уйдан тегишли улушни бегоналаштиришда масалан, сотилишида, уйга бўлган улушлар реал (натура шаклида) кўрсатилмай, балки улушларда белгиланади. Аммо шу билан бирга сотувчи фойдаланиш учун қайси квартира ёки хонанинг ўтишини кўрсатиши мумкин. Агар умумий улушли мулк бўлган турар жой иштирокчилари ўртасида уйнинг айрим хоналаридан фойдаланиш тўғрисида олдиндан келишилган бўлса, бундай келишиш ҳам нотариус томонидан тасдиқланиши керак.

Улуш шерикларнинг имтиёзли ҳуқуқлари бузиб сотилган ҳолда умумий улушли мулкка бўлган бошқа шериги сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўзига ўтказилиши тўғрисида даъво қўзғатиб, судга мурожаат қилиши мумкинлиги тўғрисида қоидалар кенг маънода жорий килинмайди, Жумладан, турар жойни ҳадя ва васият қилиш ҳолларда қўлланилмайди.

Масалан, Мадина Собирова жавобгар Умирбек Собировга нисбатан судга даъво билан мурожаат қилиб, турар-жойни умумий мулк деб топиш, улушини натура шаклида ажратишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2017 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, Н. шаҳар А. Ҳўқандий мавзесидаги 116-уй, 44-хонадон М. Собирова ва У.Собировнинг умумий мулки деб топилган ва М. Собированинг фойдасига жавобгар У.Собировдан умумий мулкдаги улуши ҳисобига 23.299.043 сўм ундирилган.

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йилдаги ажрими билан қуйидаги асосларга кўра суд қарорларининг пул ундиришга оид қисми бекор қилиниб, шу қисми бўйича даъвони рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқарилган.

Аниқланишича, тарафлар 2004 йилда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган, икки нафар фарзандлари бор. Улар биргаликдаги турмушлари мобайнида низоли уйни У. Собировнинг номига сотиб олишган.

Фуқаролик кодексининг 223-моддасининг олтинчи қисмига кўра улушли мулк иштирокчисига унинг улушини асл ҳолида ажратиб бериш ўрнига бошқа мулкдорлар томонидан компенсация тўланишига иштирокчининг розилиги билан йўл қўйилади.

Биринчи инстанция суди Оила кодексининг 23-моддасига асосан ушбу хонадонни умумий мулк деб топиш ҳақида асосли хулосага келган бўлса-да, даъвогар улушини пул шаклида ажратишни сўрамаган, унинг фойдасига улушини ундириш ҳақида ҳақида нотўғри хулосага келган.

Шунинг учун ҳам бу юқори инстанция судида тўғриланиб, янги ҳал қилув қарори чиқарилган.

Ойбек Қодиров,

Фуқаролик ишлари бўйича

Бухоро вилоят суди раиси

ўринбосари