ГУЛБАҲОР ИСМОИЛОВАНИНГ МУРОЖААТИГА ОИД
2020 йил 20 майда YouTube тармоғидаги Otabek Djuraevning каналида эълон қилинган фуқаро Г. Исмоилованинг видеомурожаати юзасидан маълумот
Даъвогар У. Мухаммадиев жавобгарлар Х. Кучарова, А. Қораев, Ш. Қораев, М. Тўраева, Ш. Қораев, О. Қораев, Т. Турсуновага нисбатан “жавобгарни оила азолари билан бирга уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариш хақида”ги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судига мурожаат қилган.
Даъвогар Х. Кучарова жавобгарлар У. Мухаммадиев ва Сариосиё туман давлат нотариал идорасига нисбатан “олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида” фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилган.
Суднинг ажримига кўра юқоридаги уй-жойдан кўчириш ва олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризалари юзасидан фуқаролик ишлари битта фуқаролик ишига бирлаштирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2019 йил 29 апрелдаги ҳал қилув қарорига кўра даъвогар У. Мухаммадиевнинг жавобгар Х. Кучарова ва бошқаларга нисбатан “жавобгарни оила азолари билан бирга уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариш хақида”ги даъво талаби қаноатлантирилиб, Сариосиё тумани “Ўзбекистон” ҚФЙ “Эрман” маҳалласида жойлашган У. Мухаммадиевга тегишли бўлган уй-жойдан жавобгар Х. Кучарова ва бошқалар оила аъзолари ва мол-мулки билан мажбурий тартибда чиқарилган.
Даъвогар Х. Кучарованинг жавобгарлар У. Мухаммадиев ва Сариосиё туман давлат нотариал идорасига нисбатан “олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида”ги даъво аризаси қаноатлантиришдан рад этилган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 72-модасига кўра ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини тадбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 17-сонли қарорнинг 9-бандига кўра, судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Фуқаролик кодексининг 9-бобида қайд этилган қоидалар битимларни ҳақиқий эмас деб топишнинг қатъий асослари ҳисобланади.
Даъвогар Х. Кучарова ўз даъво аризасида олди-сотди шартномаси алдов йўли билан тузилганлигини важ келтирган.
Юқоридаги қарорнинг 10-бандига кўра, алдаш бу бир тарафнинг битим тузилишида назарда тутилган ҳолатларнинг юзага келмаслигини била туриб, атайин иккинчи тарафни битим тузишга ундашга қаратилган айбли ҳаракатидир.
Алдаш битимнинг элементларига, унинг доирасидан ташқаридаги ҳолатларга, шунингдек, битимни амалга ошириш юзасидан битим иштирокчиси хоҳиш-иродасини шакллантириш учун аҳамиятга эга бўлган сабаб ва мотивларга қаратилган бўлади.
Фуқаролик иши юзасидан суд мажлисида Х. Кучарова ва унинг ишончли вакили Г. Исмоилова олди-сотди шартномаси алдов йўли билан тузилганлиги, У. Мухаммадиев ва Сариосиё туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси тил бириктириб, Х. Кучаровани алдаб олди-сотди шартномасини тузганлиги, ҳақиқатда эса олди-сотди шартномасига имзо чекканлигини тасдиқловчи далилларни судга тақдим эта олмади.
Хусусан, Г. Исмоилова У. Мухаммадиев онаси Х. Кучаровани гаров шартномасини расмийлаштириш учун алдаб давлат нотариал идорасига олиб борганлигини важ келтириб, аслида даъво аризаси ва суд мажлисидаги кўрсатмаларига кўра эса У. Мухаммадиев билан қарз шартномасини расмийлаштириш учун нотариал идорага борганлиги, қарз шартномасига имзо қуйганлиги баён қилган.
Г. Исмоилова онаси Кучарова Хонимжоннинг саводи бўлмаганлигини, ўқишни ёзишни билмаслигини, олди-сотди шартномасини давлат нотариал идораси ходимлари ёзиб, ўзлари имзо қуйишганликларини баён қилган.
Суд мажлисида жавобгарлар Х. Кучарова саводи йўқлиги сабабли холис чақиришни сўрамаганлигини, шартнома ўқиб эшиттирганлиги, Х. Кучарова қоралама қоғозга қараб шахсан ўзи шартнома ва нотариал реестр китобига исми шарифи тўғрисидаги ёзувни ёзганлиги тўғрисида кўрсатма беришган.
Суддан хатшунослик экспертизасини тайинлашни сўраган Х. Кучарова ўзи ҳам экспертиза учун исми шарифини қоралама қоғозга қараб ёзиб бера олишини, давлат нотариусидан холис чақиришни сўрамаганлигини баён қилган.
Денов туман адлия бўлимининг Х. Кучарова адвокати сўровига берган жавоб хатига кўра саводсизлиги туфайли фақат тарафнинг топшириғига кўра холис жалб этилиши мумкин.
Шунингдек, даъвогар Х. Кучарова низоли олди-сотди шартномасидаги имзони ўз қуйганлигини даъво аризасида ҳам суд мажлисида ҳам эътироф этган.
Эълон қилинган видеомурожаатда Г. Исмоилова Х. Кучарованинг фарзандларининг ҳеч бири олди-сотди шартномаси тузилганлигидан хабари бўлишмаганлигини, улар билан маслахатлашмаганлигини баён қилган.
Иш ҳужжатларига кўра эса Х. Кучарованинг барча фарзандлари низоли уй-жойни олди-сотди қилишга розилиги тўғрисидаги 2014-2017 йилларда тасдиқланган нотариал аризаларни тақдим этишган.
Г. Исмоилованинг шахсан ўзи ҳам олди-сотди шартномаси тузилишидан бир кун олдин олди-сотди шартномасини расмийлаштирган давлат нотариусига онаси Х. Кучарованинг уй-жойни айнан сотишга (гаровга қуйишга эмас) розилиги тўғрисида ариза тақдим этган.
Х. Кучарованинг барча фарзандларининг розилик аризалари бекор қилинмаган бўлиб, уларнинг барчаси саводли ҳисобланади.
Шунингдек, даъвогар Х. Кучарова муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167, 168, 177, 273-моддалари билан бир неча маротаба жиноий жавобгарликка тортилган.
Мазкур жиноят иши материаллари Х. Кучаровага ўқиб эшиттирилиб, ўқиб эшиттирилганлиги тўғрисидаги тилхатлар, айблов хулосалари, ҳукм нусхаларини олганлиги тўғрисидаги тилхатларга Х. Кучарованинг шахсан ўзи имзо чеккан.
Г. Исмоилованинг мурожаатида низоли уй-жой 15 000 000 сўмга сотилганлиги, аммо 35 сотих томорқаси бор ховли бунча арзонга турмаслиги, сотилмаслигини такидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Суд амалиётида битимларни тартибла солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 17-сонли қарорнинг 18-бандига кўра мулкнинг ҳақиқий қиймати олди-сотди шартномасида кўрсатилган қийматдан юқори бўлиши нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олмайди.
Шунингдек, Г. Исмоилова ўз мурожаатида ҳақиқатда ҳам онаси Х. Кучарова У. Мухаммадиевдан фоизга қарз олиб, мазкур қарз фоизи билан 150 000 000 сўмга айлангалигини, онасининг қарзи 150 000 000 сўм бўлганлигини тан олган.
Х. Кучарова ўз хоҳиши ва истаклари асосида уй-жойни сотганлиги, шартнома расмийлаштирилишида унинг фарзандларининг ҳам розилиги олинганлиги, шартномага ўзи имзо чекканлиги, унинг саводсиз эканлиги тўғрисидаги ҳамда У. Мухаммадиев уни алдаганлиги тўғрисидаги важлари ўз исботини топмаганлиги боис суд даъвогар Х. Кучарованинг даъвосини рад этиш тўғрисида асосли хулосага келган.
Суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, жавобгарлар А. Қораев ва бошқалар томонидан келтирилган кассация тартибидаги шикоятга асосан фуқаролик иши фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатида 2020 йил 5 мартда кўрилиб, фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2019 йил 29 апрелдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, келтирилган кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдириш ҳақида ажрим қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати