Конституцияда инсон ҳуқуқлари кафолатларининг асосий принциплари

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори бўлмиш Конституция қабул қилинганига яна бир неча кундан сўнг йигирма саккиз йил тўлади. Асосий қонунимиз ўтган давр мобайнида янги демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш ҳамда фуқаролик жамиятини қарор топтириш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг қонуний замини бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Конституция мустақил Ўзбекистон Республикаси қарор топганлигини қонунлаштирди ва олий даражадаги қонун сифатида давлатимизнинг мақсадини, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузумини, бошқарувнинг демократик принципларини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини белгилаб берди. Шунингдек, Асосий Қонунда шахснинг мустақиллиги, ҳокимиятларнинг тақсимланиши, мулкдорлик шаклларининг хилма-хиллиги, мафкуравий ранг-баранглик, ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳалардаги демократик қадриятлар конституциявий тузумнинг принциплари сифатида тасдиқланган ва унда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган ҳамда маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамлаб қўйилган. Шундай экан Асосий Қонун жамият, давлат ҳар бир фуқаро ҳаётида муҳим ўрин тутадиган ҳужжат ҳисобланиб барча қонунларнинг қонуни бир сўз билан айтганда қонунларнинг алифбосидир.

Барчамизга маълумки, мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида Ўзбекистон ўзининг “ўзбек модели” деб ном олган тараққиёт йўлини танлаб олди, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодига ўтиш режасини ишлаб чиқди. Миллий хусусиятлар ва анъаналарни инобатга олган ҳолда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш, бозор муносабатларига ўтиш, мустақил давлат манфаатлари устуворлигига ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсатнинг аниқ принципларини ва йўналишларини белгилаб олди.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз ҳаётидаги туб ўзгаришлар ва янгиланишларда Конституция муҳим аҳамият касб этди. Шу маънода Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради лўнда қилиб айтадиган бўлсак, халқимиз тафаккури, маънавияти ва ижодининг маҳсулидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ва давлатнинг ҳуқуқий ҳолатини белгилашда инсон ҳуқуқлари устуворлиги, давлат билан фуқаронинг ўзаро сиёсий-ҳуқуқий масъуллиги принципларига асосланувчи тамомила янги концепцияга таянган бўлиб, унда илк бор инсон ҳуқуқлари категорияси конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилган.

Шу тариқа инсон ҳуқуқларининг янги концепцияси ўзбек конституциявий қонунчилигида ўз юридик тасдиғини топган бўлиб, улар Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқий мақоми сифатида муайян принципларга таянади. Ушбу принциплар универсал хусусиятга эга бўлиб, улар қаторига қуйидагилар киради:

Биринчидан, Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятлари тенглик ҳамда тенг ҳуқуқлилик асосида амалга оширилади. Бу принцип Конституцияда уч жиҳатдан таърифланган: барча фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги; фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг тенглиги; эркаклар ва хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги;

Иккинчидан, Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларнинг кафолатланганлиги принципи. Жумладан, Асосий Қонуннинг 2-моддасида ёзилишича, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

Шунингдек, Конституцияда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар давлат томонидан муҳофаза қилиниши алоҳида эътироф этилган. 13-модданинг 2-қисмда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши, 19-моддада эса, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлар ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги қонуний мустаҳкамлаб қўйилган. Конституциямизнинг иккинчи бўлимининг бевосита инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқларига бағишланганлиги ҳам демократик ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий кафолатланганлигининг ёрқин далилидир.

Учинчидан, яна бир муҳим принциплардан бири, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланишига йўл қўйилмаслиги. Мазкур принцип инсонга туғилишидан табиатан тегишли бўлган унинг ажралмас ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан тан олинишидан келиб чиқади. Давлат фуқароларнинг конституциявий ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди (43-модда). Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат жамият ҳамда давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан, аҳолининг сиҳат-саломатлиги, халқнинг аҳлоқи ва маънавияти, ижтимоий тартибот манфаатлари нуқтаи назаридангина қонунда белгиланган даражада чекланиши мумкин. Аммо, фуқароларнинг яшаш ҳуқуқи, шахсий қадр-қимматини муҳофаза этиш ҳуқуқи, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи, виждон эркинлиги ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, кабилар чекланиши мумкин эмас;

Тўртинчидан, Фуқароларга бериладиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар бирлиги принципи. Шахс нафақат муайян ҳуқуқ ва эркинликлар эгаси балки, мажбуриятлар соҳиби ҳам ҳисобланади. Турли-туман ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси бўлмиш фуқаро фақат ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиб қолмасдан, жамият давлат ва бошқа фуқаролар олдида муайян мажбуриятлар ҳам ўтайди.

Конституциянинг 20-моддасига кўра, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Конституция инсон (фуқаро) билан давлатнинг ўзаро муносабатлари кўламини, ижтимоий ҳаёт асосий соҳаларига давлат аралашувининг чегараси ва характерини белгилаб берди. Мамлакатимизда Асосий Қонунимизга таянган ҳолда Олий Мажлис томонидан бир қанча қонунлар қабул қилинди. Ана шу қонунларнинг мазмун ва моҳиятига кўра, инсон давлат механизмининг фаол иштирокчиси, жамиятнинг эзгу тилаги ва олий қадриятидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциянинг 13-моддасида инсон қадри қуйидагича ўз ифодасини топган: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. 19-моддасида эса, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлар ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги таъкидланган. Ана шу талабнинг ижроси сифатида мамлакатимизда “Хабеас корпус” институтининг жорий этилиши, 2008 йил 1 январдан бошлаб эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга берилганлиги Конституция назарда тутилган нормаларга тўлиқ мос келади. Амалдаги қонунларга кўра бу жараён томонларнинг ўзаро тортишуви таъминланган ҳолда амалга оширилади. Яъни, судда гумон қилинаётган шахсга ўзини ҳимоя қилишга барча шароитлар яратилди. Конституциямизнинг 80-моддаси 10-бандига ҳамда 93-моддаси 23-бандига асосан, анъанавий тарзда қабул қилинаётган амнистия актлари ҳам мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган демократик ислоҳотлар амлага оширилаётганлигининг ёрқин далилидир.

Конституциямизнинг 25-моддасида эса «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суииқасд қилиш энг оғир жиноятдир», -дейилган. Ҳақиқатдан ҳам, ҳаёт инсонга Аллоҳ таоло томонидан бахшида этилган энг буюк неъматлардан биридир. Ундан маҳрум этиш эса инсонпарварликка зиддир. Жиноий жазони либераллаштириш борасидаги муҳим ютуқларимиздан бири, мамлакатимизда 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо сифатида ўлим жазоси бекор қилинди. Унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши, инсоннинг яшаш ҳуқуқини эълон қилувчи умумэътироф этилган халқаро тамойиллари ва меъёрларидан келиб чиққан Бош қомусимизнинг 24-25-моддалари талабларига тўлиқ мос келади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган иккинчи бўлими “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”нинг барча принцип ҳамда қоидаларига тўла-тўкис мос келиб Декларацияда кўрсатилган инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ўз ифодасини топган. Масалан, Конституциянинг инсон (фуқаро) ҳуқуқи, эркинлиги ва бурчларига оид умумий қоидалар (18-22 моддалар); шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар (24-31 моддалар); фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари (32-35 моддалар); иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар (36-42 моддалар); инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари (43-46 моддаларида) ҳуқуқий мустаҳкамланган. Агар умумий қоидаларни ҳисобга олмаганда Асосий қонунимизнинг 23 та моддасида (яъни, 24-46-моддалар) инсон ва фуқароларнинг эркинликлари эътироф этилган. Конституциянинг олтита моддасида эса (47-52-моддалар) фуқароларнинг бурч ҳамда мажбуриятлари ифодаланган.

Маълумки, Конституциявий ҳуқуқ мақоми тизимида сўз ва эътиқод эркинлиги муҳим ўрин тутади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини либераллаштиришга, фуқароларнинг сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Лекин, ҳар қандай демократик жамиятда демократиянинг бу шартлари амалдаги қонунларга асосан, ўз чегара меъёр ва мезонларига эгадир. Масалан, фикр билдириш, сўз эркинлигини кафолатлаш билан бир қаторда урушни тарғиб қилиш, миллий ва диний адоват уйғотишни келтириб чиқарувчи тарғибот ва ташвиқот юритиш чекланади. Конституциямизнинг 29-моддасида “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга” - дейилган. Шунингдек, бу модда ўзининг қуйидагича мантиқий давомига эга: “Ҳар ким ўзи истаган ахборотни олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир”.

Асосий Қомусимиз мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида урушни тарғиб қилганлик учун (150-моддасида), мавжуд конституциявий тузумни ўзгартиришга даъват этганлик учун (159-моддасида) жиноий жавобгарлик белгиланган.

Маълумки, мамлакатимизда маънавият, маърифат, миллий мафкура ва ҳуқуқий маданият масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “фуқаролик жамияти асосларини барпо этишнинг энг муҳим таркибий қисми маънавият ва маърифат соҳасида, шахсни мунтазам камол топтириш борасида узлуксиз иш олиб боришдан иборат”.

Конституциямизнинг мазмуни ва моҳияти, маънавият ва маърифат масалалари, миллий истиқлол мафкураси ғоялари билан ҳамоҳанглигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Конституция ва миллий мафкура, хусусан ҳуқуқий мафкура ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Конституция - ҳуқуқий тизим ўзаги, унинг бошқа барча унсурларини, яъни манбаларини уюштирувчи, баҳамжиҳат этувчи ва ҳаракатлантирувчи маркази бўлса, миллий ҳуқуқий мафкура - унинг ғоявий асосини, таркибий бўғинларини мазмунан озиқлантирувчи ҳамда ягона мақсад сари йўналтирувчи манбадир. Шундай экан, мамлакатимиз Конституцияси миллий ғоя ва миллий мафкуранинг ҳуқуқий асосини ташкил этади.

Маълумки, ХХI - аср ахборот ва технологиялар асри. Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “....фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади”. Ҳақиқатдан ҳам оммавий ахборот воситалари соҳасини такомиллаштириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди ва бугунги замон талабларига мос келадиган оммавий ахборт воситаларига тааллуқли қонунчилик базаси яратилди.

Конституциямизда эътироф этилган яна бир асосий масала бу инсонннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири - бу инсоннинг шахсий ҳуқуқидир. Конституцияга кўра инсон, унинг ҳаёти, шаъни қадр-қиммати, ҳуқуқ эркинликлари - олий қадрият ҳисобланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тан олиш ва ҳимоя қилиш давлатнинг асосий мажбуриятидир. Асосий моҳиятини ҳуқуқ ва мажбуриятлар ташкил этган шахснинг ҳуқуқий мақоми қонунчиликнинг барча соҳалари билан мустаҳкамланган.

Асосий Қонунимизда шахсий ҳуқуқлар билан бирга фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ҳам қонуний мустаҳкамланган. Сиёсий ва мафкуравий ҳурфикрлик (плюрализм) демократик фуқаролик жамиятининг муҳим хусусияти бўлиб, шахснинг эркинлиги, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигини, сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларнинг муҳим йуналишларидан бири-мамлакатимиз сиёсий ҳаётининг барча соҳаларини, давлат ва жамият қурилишини демократлаштириш, эркинлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, унда миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган сиёсий маданиятини шакллантиришдан иборат.

Конституциянинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири, фуқароларга берилган ижтимоий ҳуқуқларининг қонуний мустаҳкамланганлигидир. Асосий Қонунимизнинг 39-моддасида “Ҳар ким қариганида, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга,” деб белгилаб қўйилган. Хусусан, парламентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасиниг “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва бошқа шу каби қонунлар фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асослари бўлиб хизмат қилмоқда.

Бош Қомусимизда қонуний мустаҳкамлаб қўйилган яна бир муҳим масала фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқларини самарали муҳофаза этиш масаласидир. Бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий заминини яратиш манфаатларидан келиб чиқиб, Конституция хусусий мулк дахлсизлиги ва унинг давлат томонидан қўриқланишини (53-модда) ҳамда ҳар кимнинг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини (36-модда) мустаҳкамлади. Хусусий мулкчиликнинг расман тан олиниши иқтисодий фаолият эркинлигини, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш имкониятини яратди.

Асосий Қонунимизда билим олиш, фан-техника тараққиёти масалаларига алоҳида эътибор берилиб: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, - дейилади.

Ушбу қоидадан келиб чиқиб, “Таълим тўғрисидаги қонун”, “Миллий кадрлар тайёрлаш давлат Дастури” қабул қилинди. Айниқса, юридик кадрлар тайёрлаш масаласига давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда Кадрлар тайёрлаш миллий Дастурининг мантиқий давоми бўлмиш 2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш бўйича умуммиллий давлат дастури қабул қилинди. Мазкур Дастур асосида юртимизда мавжуд 10 мингга яқин умумтаълим мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга таълим тизимини такомиллаштиришга, ўқитувчиларнинг меҳнатини моддий маънавий рағбатлантириш бўйича салмоқли ишлар давом эттирилмоқда.

Кўпчилигимизга маълумки, Ўзбекистон Конституцияси яратилиши тарихи бевосита жаҳон тажрибасини ўрганиш билан узвий боғлиқ. Унинг муқаддимасида таъкидланганидек, ушбу мўътабар ҳужжатда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги тан олинган. Унинг асосида кўплаб халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинди,

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Асосий Қонунимизнинг муқаддимасидан охирги моддасигача мустақиллик, демократия, инсон ҳуқуқлари ва ватан равнақи ғоялари тараннум этилган. Конституциямиз туфайли жамиятимиз ҳаётига ва унинг ижтимоий онгига дунё цивилизациясининг замонавий янги демократик қадриятлари, тамойиллари ва ғоялари кириб келди. Булар энг аввало суверен давлатчилик ва ҳуқуқий демократик ва фуқаролик жамиятини қуриш ғояларидир.

Хуллас, жамиятимиз ҳаётининг қайси жабҳасини олмайлик, Конституциямиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий демократик давлат ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантириш мамлакатимиз Конституциясининг асосий мақсадидир.

Мамлакатимиз Конституцияси мустақил давлатимизнинг буюк келажак сари интилишининг ҳуқуқий пойдевори ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва самарали таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатидир.

Ирода Курбанова,

Зангиота туманлараро иқтисодий суди судьяси