May 24, 2021

Ж. Ядгарованинг видеомурожаати юзасидан

Жорий йил 21 апрель куни Фарғона вилоятида ташкил этилган оммавий сайёр қабулда Ж. Ядгарова Олий суд раиси қабулида бўлиб, ўз шикоятини топширган.

Айни вақтда унинг кассация шикояти Олий суд томонидан маъмурий иш чақиртирилган ҳолда ўрганиб чиқилмоқда.

Ж. Ядгарова 18 май куни Олий суднинг фуқаролар қабулхонасига келиб, Олий суд раиси қабулига киритишни сўраган.

Унга масъул ходимлар томонидан Олий суд раиси хизмат сафарида бўлганлиги боис қабул қила олмаслиги, мурожаати маъмурий судлов ҳайъатига тегишли бўлганлиги туфайли Олий суд раисининг биринчи ўринбосари қабулига кириши мумкинлиги, раис ўринбосарининг жавоб хати уни қаноатлантирмаган тақдирда, Олий суд раиси қабулига кириш ҳуқуқи юзага келиши тўғрисида тушунтириш берилган.

Лекин Ж. Ядгарова фақат Олий суд раиси қабулига кириши лозимлигини билдириб, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари қабулига киришни рад этганлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси