“Qalampir” интернет-нашрида 2021 йил 27 мартда “Судьялар қачон ОАВ билан ишлашни ўрганади? Хоним Хайруллаевага очиқ хат!” сарлавҳаси остида Ф. Нажмиддинова муаллифлигида эълон қилинган мақола юзасидан
Даъвогар - Яккасарой туман ҳокимияти жавобгар - “INSOFT INVEST” МЧЖга нисбатан Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Жамшид Шоший 2-тор кўчаси, 5-уй манзилида ўзбошимчалик билан қурилаётган кўп қаватли ноқонуний қурилмани ҳамда “Аския” ва “Шоҳжаҳон” кўчалари кесимида ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмаларни бузиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 9 февралдаги ажрими билан даъво аризаси иш юритувига қабул қилинган. Ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар қурилиш Бош бошқармаси ҳам жалб этилган.
2021 йил 26 март куни сайёр суд мажлисида Qalampir сайти мухбири низо бўйича ушбу манзилда яшовчи фуқароларнинг шикоят аризалари мавжудлигини билдириб, очиқ суд мажлиси жараёнини видеотасвирга олишга рухсат сўраган.
Суд томонидан иш бўйича тарафларнинг розилиги сўралганида, даъвогар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси вакиллари илтимосномага эътирозлари йўқлигини маълум қилган. Бироқ жавобгар вакили С. Исмаилов эса видеоёзувга олинишига эътироз билдирган.
Иқтисодий процессуал кодексининг 165-моддаси 3-қисмига кўра, суд ташаббусига кўра ёки тарафларнинг илтимосномасига асосан суд мажлисининг аудио ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.
Иқтисодий процессуал кодексининг 165-моддаси 5-қисмига асосан, иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга. Суд мажлисининг фототасвирига, видеоёзувига, шунингдек радио ва телевидение орқали трансляция қилинишига ишни кўраётган суднинг рухсати билан йўл қўйилади.
Qalampir нашри ходимининг илтимосномаси суд мажлисида муҳокама қилиниб, жавобгар вакили С. Исмаиловнинг эътирозини инобатга олган ҳолда қаноатлантириш рад этилган.
Шунингдек, Qalampir вакилига Иқтисодий процессуал кодексининг 165-моддаси 5-қисмига асосан суд мажлисида овоз ёзиб олиш, яъни аудиоёзувдан фойдаланиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилган.
Илтимоснома муҳокамаси жараёнида тарафлардан бирининг “видеотасвирга қаршилигим йўқ, аммо тасвирда мен кўринмасам бас” мазмунидаги гапи унинг жараён тасвирга олинишига тўла рози эканини англатмайди. Айнан шунга асосан илтимоснома рад этган.
Суд мажлиси 2021 йил 6 апрель куни соат 15.30 да давом эттирилади. Унда суд мажлисини видеоёзувга олиш тўғрисида илтимоснома яна тақдим этилса, белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилади.
Ўзбекистон РеспубликасиОлий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси